Бахтиёр Ашурматов жамоасининг мағлубиятига қандай изоҳ берди?

“Насаф” – “Қўқон-1912” (3:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- “Насаф” кучлироқ эди. Ўйлайманки, улар ҳаққоний ғалабага эришишди. “Насаф”га қаршилик кўрсатишга 100 фоиз кучимиз етмади. Шу сабабли уларни ғалаба билан табриклайман.

- Ўтказиб юборилган учала голда ҳам ҳимоячиларнинг айби бўлди деб ўйлайсизми?

- Гапнинг очиғи, бўйдор ҳимоячиларимиз бор эди. Норчаевнинг бўйи баланд бўлмаса-да, боши билан яхши ўйнашини таъкидлагандим. Ҳавода тўп учун курашларда кўпинча ғолиб чиқадиган Иван Йосовични Норчаевга боғлаб қўйгандик. Лекин ҳимоячимиз эътиборни йўқотди ва Норчаев ҳаводаги тўп учун курашларда кўпинча ғолиб чиқди. Аммо кимнидир айбдор қилиб кўрсатмоқчи эмасман. Биз мураббийлар штаби ҳам қаердадир хато қилган бўлишимиз мумкин. Ҳисоб 3:1 бўлганида бироз жисмонан кучимиз етмади.

- Жамоанинг ўтган йилги мавқеига қараганда, бу йил пасайиш бўляпти...

- Бу йил ҳам ўтган йилги натижага яқин тургандик. Афсуски, бугун мағлубиятга учрадик. Ўтган йилгига нисбатан бу йил ўз майдонимиздаги кўпроқ учрашувларда мағлубиятга учрадик.

- Балки бугун Холмуҳаммедов, Мерзляков каби футболчилар майдонда бўлганларида ўйин бошқача бўлармиди?!

- Балки деб айтиш нотўғри бўлади. Бугунги кунда шу таркибимиз бор эди. Ҳа, таркибимизда йўқотишлар бор эди. “Насаф” ўз майдонида ҳужумкор ўйин кўрсатади. Ҳимояда мустаҳкам ўйнашимиз, рақибнинг ҳужумларини бартараф этишимиз ҳақида кўрсатмалар бергандик. Аммо қўрққан нарсамиз юз берди ва “Насаф” тезкор гол урди. Уларнинг сафида Станоевич каби стандартдан яхши фойдалана оладиган ўйинчиси ҳам бор эди. Шунинг учун рақибнинг бурчак зарбалари ва стандарт зарбалари хавфли эди. “Насаф”дек жамоа билан учрашувда тезкор гол ўтказиб юбориш албатта қийин. Бироқ тезкор голдан кейин режаларимиз бузилиб кетди, шунинг учун ютқаздик деб айтиш қийин. Ўйинни ўзгартиришга ҳаракат қилдик.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
15/11/2021 22:35
Erkak. fudbolni tushunadigan odamni fikrini beribti. ayrim murabbiyla bor kamandasi aytarli fudbol uynamaydi raqib uyinni qupollik janjal shantajlik qilish bilan ovora buladi. yana chiqib olib. unoqa bunoqa buldi deyishdan charchamaydi. bulmasa. kamandasi na fudbol na bir aytarli hujim bor. Quqon uyin taraflama ham yutqazgan bulsa ham cheroyli uynadi. keyingi uyinlariga omad. Nasaf esa shunchaki super.