Бахтиёр Ашурматов: "Менимча, ҳеч қайси жамоа ўз майдонидаги дурангдан қониқмаса керак"

Coca Cola Суперлигасининг 25-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – АГМК (2:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Бахтиёр Ашурматов иштирок этди.

- Бугун ушбу мавсумда ўз майдонимиздаги сўнгги учрашувни ўтказдик. Мавсумдаги энг қизиқарли баҳслардан бири бўлди. Бугун биз ҳам, рақибимиз ҳам ғалаба қозониши мумкин эди. Шу нарсага амин бўлдимки, қўқонлик ишқибозлар футболни жуда яхши кўришади, яхши тушунишади. Бугун улар ўз майдонимиздаги баҳсда биздан ғалаба кутишгани ҳам бор гап. Лекин йигитлар охиригача курашгани учун, мағлубиятга учраётганимизга қарамай, дуранг натижа қайд этишгани учун мухлисларимиз уларни олқишлашди. Бу йил айрим баҳсларда мухлисларимизни хурсанд эта олмадик. Кейинги йили албатта яхши натжалар билан уларни хурсанд қиламиз, деган умиддаман.

Бугунги беллашувнинг биринчи 15 дақиқасини жуда бўш ўтказдик. Рақиб бундан фойланиб, ҳисобни очди. Кейинчалик эса шогирдларим кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришди. Мавсум биз учун осон бўлгани йўқ. Таркибда йўқотишларга дуч келдик. Наманганда баҳсда Ойбек Рустамовдан фойдалана олмаймиз. Унинг карточкалари сони тўртта етди. Шундай бўлса-да, мавсумни яхши натижа билан якунлашга ҳаракат қиламиз.

Бугун ҳар икки жамоага ҳам ғалаба керак эди. Шунинг учун сўнгги дақиқаларга қадар кураш кечди. Футболчилар ҳам ўз майдонимиздаги охирги баҳсда уч очкога эга бўлишни жуда хоҳлашди. Мавсумни яхши кайфиятда тугатиш, кейинги йилги чемпионатни яхши кайфиятда бошлаш учун замин яратар эди. Менимча, ҳеч қайси жамоа ўз майдонидаги дуранг натижадан қониқиш ҳосил қилмаса керак. Аммо мени хурсанд қилгани мағлубиятдан чиқиб кета олдик. Бугунги дуранг чемпионатдаги интригани сақлаб қолди. Энди кумуш медал учун кескин кураш кечса керак.

"Қўқон-1912" матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!