Бахтиёр Ашурматов: "Металлург" биз учун ноқулай рақиб, икки йилдан бери юта олмаяпмиз"

Бугун Ўзбекистон Кубогининг 3-тур беллашувлари давом эттирилди. “F” гуруҳида жой олган “Металлург” ҳамда “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги учрашувда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада қўқонликлар гуруҳда қолиб кетди. Учрашувдан кейин “Қўқон-1912” бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов мағлубият сабаблари ҳақида гапирди.

- Қўқонда иш бошлаганимдан бери “Металлург” жамоаси биз учун ноқулай рақиб бўлиб келмоқда. Афсуски, икки йилдан бери бу клубни юта олмаяпмиз. Бугунги учрашувда голгача устунлик билан ўйнадик. Ўтказиб юборилган гол бизга қимматга тушди. Натижада ҳужумга ўтишга мажбур эдик. Чунки дуранг ҳам бизни қониқтирмасди. Учта ҳужумчи билан ўйнай бошладик, жамоамизда бўш ҳудудлар пайдо бўлди ва бундан “Металлург” унумли фойдаланди. Тўғри, бугун хатолар бўлди. Кубок баҳсларидаги хатоларимиз “Янгиер” билан учрашувдан бошланди. Мураббий сифатида шу нарсага амин бўлдимки, битта ўйинни ўтказиб бўлмасдан туриб кейингиси ҳақида ўйламаслик керак. Таркибда ротация ҳам қилдик, бироқ бу ҳам ўзини оқламади. “Металлург” ўз майдонида яхши ўйин кўрсатади. Жасур Абдураимов бош мураббий бўлгач, жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кузатилди. Шу сабабли бекободликларни ғалаба билан табриклайман.

- Кубок баҳсларида “Қўқон-1912” ўз уйида битта, сафарда иккита ўйин ўтказди. Бу борада тақвим ноқулай тушди, деб ўйлайсизми?

- Тақвим ноқулай келди, десам ҳар хил фикрлар билдирилиши мумкин. Тўғри, қуръанинг кўзи кўр дейишади. Масалан, “Сўғдиёна”, “Бунёдкор” ва “Насаф” жой олган гуруҳ “ўлим гуруҳи” дейилди. Аммо у ерда битта “ўлжа” жамоа бор эди. Бизнинг гуруҳ эса жуда қийин эди. “Янгиер”га ҳам ачиняпман. Улар учта турда ҳам яхши таассурот қолдиришди. Агар ўз майдонида “Янгиер” ҳам иккита ўйин ўтказганида балки кейинги босқичга чиқиш учун имконияти кўпроқ бўларди. Ҳаммасини футбол мутасаддилари ҳал қилишади. Бугун эса “Металлург” кучлилик қилди. Тақвим борасида баҳслашмайман. Энди чемпионат баҳсларига тайёрланамиз. Ўзбекистон Кубогидан чиқиб кетганимиз мухлисларимиз, футболчилар ва мураббийлар штаби учун ҳам оғир зарба бўлди. Лекин ҳаёт давом этади, навбатдаги учрашувларга тайёргарлик кўриш учун ўзимизда куч топишимиз лозим. Чемпионат доирасида жамоамизни мураккаб учрашувлар кутяпти.

- Бугун иккинчи бўлимда майдонга тушган футболчилар деярли кўринмадилар...

- Ҳамидилло Абдуҳамидов 4-5 ой давомида футбол ўйнамади. “Машъал” билан учрашувда енгил ҳаракат қилди. Ҳар уч кунда ўйинлар ўтказилди. Афсуски, у ҳаттоки 45 дақиқа ўйнашга ҳам тайёр эмас. Ўтган сафар гол урганини ҳисобга олиб майдонга туширдик, кейин Сидоров билан Мелиевни ҳам туширдик. Катта таваккал қилдик, лекин бу ўзини оқламади. Кимдир ёмон ёки яхши ўйнади деб айта олмайман. Мураббийлар штабининг хатоси туфайли ютқаздик деб айтишим мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!