Бахтиёр Ашурматов "Металлург" майдонидаги ғалабадан кейин узр сўради, чунки...
Суперлиганинг 19-турида “Металлург” ўз майдонида “Қўқон-1912” га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Учрашувдан кейин қўқонликлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов матбуот анжуманида қатнашди.
- Жуда муҳим ўйин эди, олти очколик десак ҳам бўлади. “Металлург” билан турнир жадвалида қўшни бўлиб тургандик. “Металлург” Жасур Абдураимов келганидан кейин ўйин услубини ўзгартирган. Охирги ўйинларда муваффақиятсизликка учраб турганди. Аммо Андижондаги ғалаба уларга қўшимча куч берди. Рақибнинг ҳужумкор ўйин кўрсатишини билган ҳолда қарши ҳужум тактикасида ҳаракат қилдик.
Қўқонда ишлаётганимдан бери “Металлург” жуда ноқулай рақиб. Уларга қарши чемпионат ва Кубок ўйинларида ютқазгандик. Йигитларга мана шундай ноқулай рақиб устидан ютишимиз зарурлигини айтиб, уларни руҳлантиргандик. Бугун мағлубиятга учраганимизда турнир жадвалидаги аҳволимиз ҳавотирли бўлиб қоларди. Футболчиларимиз юқори ўринларга муносиб. Ғалабамизга йигитларимизнинг жанговар ўйини ва охиригача курашгани сабаб бўлди. “Металлург” камида дурангга лойиқ ўйин кўрсатди. Айниқса, Дилшод Раҳматуллаев марказга тушганидан кейин жамоанинг ўйини кучайиб кетди. Раҳбарият ва мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман.
Ҳимоямизда муаммолар бор. Холмуҳаммедов, Мерзляков ва Маматхўжаевдан фойдалана олмаяпмиз. Ҳужумда эса вариантларимиз бор. Ўтган ўйинда гол урган Ҳожимирзаев ва Мелиевни асосий таркибда туширдик. Иккинчи бўлимда ўйинни кучайтиришни хоҳлаганимиз сабабли Норбеков билан Абдуҳамидовни майдонга туширдик. Бу ўзини оқлади. Шохназарга йигитлар ва мураббийлар номидан миннатдорчилик билдираман. Агар ҳимояни кучайтириш керак бўлса, яна захирага олинишга тайёрман деб ўзи фикр билдирди. Ўйин охирида “Металлург” марказда катта устунликка эга бўлди. Шу боис Бекмуродовни майдонга тушириш орқали марказни кучайтиришга ҳаракат қилдик.
Агар футболчиларимиз ўйин чўзиш учун ҳаракат қилишган бўлса, узр сўраган бўлардим. Бундай ҳолатлар футболимизга чирой қўшмайди. Лекин ғалаба қозонаётган жамоалар шунга мажбур бўлишяпти. Бу ҳолат бошқа такрорланмайди деб ўйлайман. Ўтган сафар ачинганимдан балки ўйин вақтини чўзиш керакмикин, деб гапиргандим. Лекин мен бунинг тарафдори эмасман.
Фикрлар