Бахтиёр Ашурматов: Милич ўртача таассурот қолдирди

Хабарингиз бор, яқинда «Қўқон-1912» клубига янги бош мураббий тайинланди. Унга кўра қўқонлик Бахтиёр Ашурматов жамоа бошқарувини ўз қўлига олди. Тез орада эса «Қўқон-1912» янги мавсум учун дастлабки йиғинга киришади. Мухлисларни эса таркибда қандай ўзгаришлар юз бериши қизиқтириши табиий.

Қолаверса, янги бош мураббий ҳам бир қатор янги футболчиларни таклиф қилиши аниқ. Лекин клубни тарк этадиганлар ҳам топилади. Масалан, сербиялик легионер Марко Миличнинг «Қўқон-1912»дан кетиши ҳақиқат. У Бахтиёр Ашурматовнинг режаларидан ўрин олмаяпти.

Жорий мавсумда ушбу ҳимоячи қўқонликлар сафида 23 та ўйинда майдонга тушди ва 4 бор сариқ карточка билан «сийланди». Шунингдек, биринчи даврада яна икки нафар сербиялик – дарвозабон Боян Кнежевич билан ярим ҳимоячи Милош Николич ҳам тўп суришганди. Аммо улар клубга етарли даражада ёрдам бера олмагандилар ва натижада барвақт ортларига қайтиб кетишганди.

«Қўқон-1912» жамоасининг устози Бахтиёр Ашурматовга айнан легионерлар масаласини қандай ҳал этмоқчисиз дея савол билан мурожаат қилганимизда қуйидагича жавоб қайтарди:

- Тўғриси, мавсумнинг охиригача биргина Милич ўйнади ва ўзидан ўртача таассурот қолдирди. У жамоамизда қолмайди дейишим мумкин. Легионер таклиф қилиндими, у маҳаллий йигитлардан ҳар томонлама кучли бўлсин. Маҳаллий футболчилар билан бир хил даражадаги легионерни олиб келишдан эса ҳеч қандай фойда йўқ. Шу боис ҳозирги мақсадимиз жамоани маҳаллий ўйинчилар билан бойитиш.

Етакчи ўйинчиларни сақлаб қолмоқчимиз. Керакли позицияларга эса бошқа клубларда ўзини кўрсатган ажойиб футболчиларни жалб қилмоқчимиз. Агар шунда ҳам муаммоларимизни ёпа олмасак, унда раҳбариятга бир-иккита яхши савиядаги легионерларни таклиф қилсак бўларди, деган ғояни айтишим мумкин. Ҳа, легионер чақиришимиз мумкин, аммо бу биз учун охирги чора, - деди Ашурматов.

Кўриниб турибдики, мураббий биринчи навбатда маҳаллий ўйинчиларга эътибор қаратади. Шу сабабли Миличнинг хизматларига ҳам эхтиёж сезмаяпти. Тез орада Бахтиёр Ашурматов билан уюштирилган очиқ тарздаги суҳбатни sports.uzда ўқишингиз мумкин. Шундай экан, сайтимизни кузатишда давом этинг.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
17/12/2019 10:43
Легионер кучли булмаса уни хеч хам кераги йук
Mirali Hcerali
17/12/2019 09:57
Милич булмаса силич келади