Бахтиёр Ашурматов нохуш анъанага барҳам берилган ўйиндан кейин қандай фикр билдирди?
Coca-Cola Суперлигаси 16-тур доирасидаги "Қўқон-1912" – "Сурхон" учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Бахтиёр Ашурматов қатнашди.
- Авваламбор, Ўзбекистон халқини, футбол мухлисларини, барча ватандошларимизни мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан табриклайман. Юртимиз тинч, фаровон бўлишини, мухлисларнинг севимли жамаоалари доимо ғалаба қозонишини тилайман. Бахтимизга ишқибозларимиз соғ-саломат бўлишсин.
Бугунги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, иккинчи даврада “Сурхон” жанговар ўйин намойиш этаётганди, Баҳром Ҳайдаров рақобатбардош жамоа шакллантираётганди, термизликларнинг сўнгги учта ўйинда ғалаба қозонгани бизни хавотирга солаётган эди. Бунинг устига ўз майдонимизда юта олмаётганимиз учун бизда босим бор эди. Қўқон азалдан ўз майдонида жанговар ўйин намойиш этиб келади. Афсуски, бу йил бироз нохуш анъанага дуч келдик. Бугунги ғалаба ҳам осонликча келгани йўқ. Мурод Холмуҳаммедовда жароҳат бор эди. Бугун ҳам жароҳат олиб майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Лукич ҳам бугун жароҳат олди. “Сурхон” ҳам охиригача курашди. Йигитларга бугунги жанговар ўйинлари ва ўз соғликларини таваккал қилиб майдонда борларини берганликлари учун, энг асосийси, бугунги ғалаба учун мураббийлар штаби ва клуб раҳбарлари номидан миннатдорчилик билдираман. Барчани бу йилги ўз майдонимиздаги биринчи ғалаба билан табриклайман.
Бугун кўплаб вазиятларга эга бўлдик. 2:0 ҳисобида олдинда бораётган бўлсак ҳам Суҳроб Бердиев, Мўмин Мелиев ва Асадбек Собиржоновларда яхши вазиятлар бўлди. Биз ҳам хоҳлаймиз жамоамиз кўпроқ гол уришни. Лекин ҳар бир учрашувда иккитадан бўлса ҳам гол уриб туришса хурсанд бўламиз. Энг асосийси, вазиятларнинг борлиги.
Гапни очиғи, чемпионатдаги 15 кунлик танаффус барча жамоа учун бир хил бўлади. ФИФА кунлари бўлишини олдиндан ҳамма биларди. Бу тайёргарлик кўришимизга таъсир ўтказмайди. Байрам муносабати билан футболчиларга тўрт кунлик таътил берилади. Кейин Тошкент шаҳрида “Бунёдкор”га қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Оралиқда битта ўртоқлик учрашувини ўтказиш режалаштирилган.
Бу йил жароҳатлар гирдобида қолиб кетяпмиз. Етакчиларимиз кутилмаганда сафдан чиқишмоқда. Кеча ўринбосарларга ўйинчи бера олмадик. Ёшларимиз ҳам ёмон тўп суришаётгани йўқ. Азиз Тўхтабоев U18 жамоамиздан футболчилар олди ва бу тўғри йўл деб биламан. Ёшлар таркибида майдонга тушаётган асосий таркибдаги футболчиларимиздан эътирозим йўқ. Улар жамоага ёрдам беришмоқда.
Гапни очиғи, бугунги ўйин 17:00 га қўйилганидан кўра, мухлисларимиз ўйинни жонли кўра олишмаганидан афсусдаман. Умид қиламанки, кейинги баҳсларда вазият ўзгаради ва мухлислар яна стадионга келишни бошлашади. Нима бўлган тақдирда ҳам сабаб изламаслик керак. Бугун ҳамма жамоа бир хил шароитда эди. Натижани об-ҳаво билан боғламаслик лозим. “Сурхон”га кейинги баҳсларда омад тилаб қоламан.
Фикрлар