Бахтиёр Ашурматов ўз футболчиларидан ҳайрон қолди, чунки...

“Қўқон-1912” жамоасининг Ўзбекистон Кубогида ҳам ўз олдига қўйган вазифаси бор. Бахтиёр Ашурматов бошчилик қилаётган клуб “Дўстлик Олтиариқ”, “Машъал” ва “Ғиждувон” билан бир гуруҳдан жой олган.

“Қўқон-1912” Ўзбекистон Кубогидаги биринчи учрашувни Муборакда про лига вакили “Ғиждувон”га қарши ўтказди. Барибир Суперлига клуби ҳисобланган қўқонликлар рақибидан ҳар томонлама устун эканини кўрсатди ва бу ҳолат натижада ҳам ўз аксини топди. “Қўқон-1912” бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов йирик ҳисобдаги ғалаба борасида ўз муносабатини билдирди.

“Иккинчи бўлимдан қониқмадим”

- Бугун йўлга чиққандик ва йўл чарчоқларининг аломати сезилади, деб ўйлагандим. Биринчи бўлимда кўпроқ тўп назоратини ўзимизда сақлаб қолиш кераклигини таъкидлагандим. Гапнинг очиғи, футболчилар биринчи бўлимда яхши томондан ҳайрон қолдиришди. Ҳаракатлари жуда яхши бўлди. Ҳамма томонлама футболчиларимиз устунлик қилди. Ўз ишига профессионал муносабатда бўлишгани учун миннатдорман. Ўтган йили кубокнинг гуруҳ ўйинида “Янгиер”да мағлубиятга учрагандик. Шу боис, йигитларга илк дақиқалардан фаол бўлишларини таъкидлагандик. Чунки про лига жамоалари Суперлига клублари билан ўйнаганда қаттиқ тайёргарлик ва катта иштиёқ билан ўйнайдилар. Шу боис осон эмас, мураккаб учрашувлар бўлади. Тўғри, ўйиннинг иккинчи бўлимидан мураббий сифатида қониқмадим. Биз мураббийлар штаби футболчиларга тинмасдан тезроқ ўйнашларини ва тўртинчи голни уришлари кераклигини уқтирдик. “Ғиждувон” жамоаси футболчиси қизил карточкадан кейин улар бир киши кам бўлиб ҳаракат қилди. Учрашувни телевизор орқали томоша қилган мухлислар қизиқарли ва голларга бой ўйинни кўришни хоҳлайди. Аммо иккинчи бўлим бироз сустроқ бўлди. Бунинг учун узр сўрайман. Албатта, “Ғиждувон”га кейинги учрашувларида омад тилайман.

ашурматов1_4

“Учта гол жамоамизни бўшаштирди”

- Йигитларга ҳам про лига клуби билан осон ўйин бўлмаслигини айтганман. Катта ҳисобда ютишимизни тахмин қилмагандим. Биз учун асосийси, бу учрашувда ғалаба билан қайтиш эди. Гуруҳдаги дастлабки ўйинда уч очкони қўлга киритиш вазифаси қўйилганди. Ҳужумчиларимиз яхши ўйин кўрсатди. Масалан, охирги пайтларда гол ура олмаётган Мўмин Мелиев тўп киритди. Футболчиларимиз биринчи дақиқалардан айтилган кўрсатмаларни бажариш ҳисобига ва яхши ўйин кўрсатишлари эвазига мана шундай йирик ҳисоб юзага келди, деб ўйлайман. Биринчи бўлимда урилган учта гол қайсидир маънода жамоамизни бўшаштирди ва иккинчи бўлимда “Ғиждувон”да имкониятлар бўлди. Улар ҳам гол уришлари мумкин эди. Дарвозабонимиз айрим пайтларда бизни қутқариб қолди.

ашурматов4_1

“Ишонч билдирамиз, қолгани ўзига боғлиқ”

- Тўртинчи гол киритган Мурод Комиловни қишки йиғинлар чоғидан бери асосий таркиб билан шуғуллантириб келяпмиз. Унда дебют ўйини бўлди. Ҳаяжон сезилиб турганди. Чунки майдонга тушиши билан 2-3 та вазиятда тўпни йўқотди. Аммо бу ёш футболчиларда учрайдиган ҳолат. Голда эса у керакли пайтда пайдо бўлди. Ўйлайманки, урган голи унга ижобий таъсир қилади. Ўзига бўлган ишончни ҳам орттиради. Мурод Комилов келажаги порлоқ футболчи. Уни қўллаб-қувватлаймиз, керак пайтда ишонч билдирамиз. Қолгани унинг ўзига боғлиқ.

“Машъал”га катта раҳмат"

- Муборакда ҳар доим ташкилий ишлар аъло даражада бўлган. “Машъал” раҳбари Илҳом ака катта ҳажмдаги ишни бажарган. Майдоннинг ҳолати бизга маъқул эди. Бундай текис майдонда роҳатланиб футбол ўйналади. Майдонни ўйинга яхши тайёрлашгани ва бизни илиқ кутиб олганлари учун муборакликларга ва рақиб жамоага ҳам миннатдорлик билдираман.

ашурматов3_1

“Сидиқов кейинги ўйинга қайтади”

- Албатта, Мурод Холмуҳаммедовни қачон майдонга қайтиши бўйича маълумотга эгаман. Жавоҳир Сидиқовда ҳам жароҳат бор. Нисбатан Муродда оғирроқ. Чемпионат ўйинигача Холмуҳаммедов сафимизга қайтади. Бу иккаласи жамоамизнинг етакчи футболчилари. Улар майдонда бўлса, жамоамиз бундан-да ишончлироқ ўйнай олади. Ҳозир шифокорлар кўригида. Жавоҳир Сидиқов навбатдаги кубок ўйинигача сафга қайтади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!