Бахтиёр Ашурматов: "Сурхон" гол ўтказгач, бутунлай бошқа жамоага айланди"

“Қўқон-1912” жамоаси бугун Термизда “Сурхон”га қарши учрашувда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Аслида қўқонликлар ҳисобда олдинда эди, якунда ғолиб номи аниқланмади.

Беллашувдан кейин “Қўқон-1912” бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Бугунги учрашув тўғрисида нима деган бўлардингиз?

- Ўйиндан олдин айтгандик, “Сурхон” яхши, курашувчан жамоа. Уларнинг олдинги иккита ўйинини кўриб шунга амин бўлгандик. Афсуски, голдан кейин бутунлай ўйин тизгини ва тўп назоратини қўлдан чиқардик. “Сурхон” эса гол ўтказиб юборгач, бутунлай бошқа жамоага айланди. Уларнинг кучига куч қўшилди ва афсуски гол ўтказиб юбордик. Тўғри, “Сурхон” камида дурангга лойиқ ўйин кўрсатди. Ҳолбуки, ҳисобда олдинда бораётиб, якунда натижани сақлаб қола олмадик. Бугунги ўйин учун “Сурхон” йигитларига раҳмат айтаман, улар охиригача курашишди. Кейинги учрашувларда бу жамоага омад тилайман.

- Бугун “Қўқон-1912” ўтган ўйиндагига нисбатан битта ҳужумчи билан ўйнади. Бамбанинг ҳаракатларидан қониқдингизми?

- Меҳмонда ўйнаётганимизни ҳисобга олдик. Қолаверса, Бамбанинг чиройли паслари ва тўпни назорат қила олишини билганлигимиз сабабли учта ярим ҳимоячи билан ўйинни бошлагандик. “Қизилқум”га қарши баҳсда Бамбани майдонга туширганимиздан кейин у тўпни назорат қилиб, бир нечта вазиятлар яратганди. Бугун эса етарлича голли имкониятларни ярата олмади. Шунга қарамай, голгача тўп назоратини ўзимизда сақлаб турдик. “Сурхон”да эса биз гол ургунимизга қадар бирорта ҳам вазият бўлмаганди. Бугун икки очкони йўқотдик. Бизда иккинчи ўринга кўтарилиб олиш учун имконият бор эди. “Сурхон” футболчилари ўз ўйинлари ва иштиёқлари билан бизни ҳимояланишга мажбур қилишди.

- “Сурхон” таркибида “Қўқон-1912”дан олинган Жасур Ёқубов тўп сурди. Унинг ўйини ҳақида фикрингиз қандай?

- Нафақат бугунги ўйини, балки қолган ўйинларини ҳам кузатяпмиз. Чунки у бизнинг шогирдимиз. “Металлург” билан баҳсда ғалаба голини киритди. Ўзидан ёмон таассурот қолдирмаяпти. Унинг омадини берсин. Ҳужумчиларимиз голгача “Сурхон” ҳимоячиларини бир неча бор қийин вазиятга солиб қўйишди.

- Қўқондан келган мухлислар ҳақида нима дея оласиз?

- Ўйиндан олдин футболчиларимизга руҳлантириш учун шунча йўл босиб Қўқондан мухлисларимиз келишганини айтгандим. Ишқибозларимизнинг ҳурмати учун ҳам ўзимизда қўшимча куч топиб, охиригача курашишимизни уқтиргандим. Чунки мухлисларимиз доим биздан ғалабани кутишади. Афсуски, улар кутган натижани қўлга кирита олмадик. Агар “Сурхон”нинг ўйинини инобатга олсак, дурангга мос ўйин бўлди. Мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман.

- Агар “Сурхон”дан жамоангизга футболчи олиш имкони бўлганида кимни қўлга киритган бўлардингиз?

- “Сурхон”да яхши футболчилар бор. Лекин жамоамдаги ўйинчилар биз мураббийларни қониқтиради. Шу сабабли “Сурхон”дан кимнидир жалб қилишни хоҳлаган бўлардим десам нотўғри бўлади. Мен қўл остимдаги футболчиларга ишонаман.

- Сиз бошқарган “Сурхон” билан ҳозирги “Сурхон”ни қанчалик фарқи бор?

- Ҳозир бу ҳақида аниқ фикр билдириш қийин. Чунки мен “Сурхон”ни бир ой бошқарганман холос. Мураббий сифатида ўзимни кўрсатиш имкони бўлмаган. У пайтда маҳоратли футболчилар кўпроқ эди, ҳозир эса ёшлар анчагина. Ҳозирги жамоанинг иштиёқи олдинги “Сурхон”дан кучлироқ деб айтишим мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!