Бахтиёр Ашурматов: Йигитларга фақат ғалаба учун майдонга тушишларини айтгандим
Ҳозиргина Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” ҳамда “Бухоро” жамоалари баҳси ўз ниҳоясига етди. Ўйин бухороликларнинг 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди.
Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар устози Бахтиёр Ашурматов иштирок этди ва ўзининг учрашув ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
“Бугунги ўйин ҳар иккала жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. Чунки, ушбу жамоалар ҳозиргача жуда кам очко жамғаришганди. Улар ўтган тур АГМКга имкониятни бой беришганди, биз эса ўз майдонимизда “Қизилқум” билан дуранг қайд этган эдик. Шу боис йигитларга бугунги ўйиндан олдин фақат ғалаба учун майдонга тушишларини уқтиргандим. Худога шукур ғалаба қозондик ва мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлди. Футболчиларим айниқса биринчи бўлимда айтилган кўрсатмаларнинг барчасини тўлиқ бажаришди. Иккинчи бўлимда эса “Қўқон-1912” жамоаси ҳам жуда чиройли ўйин намойиш этди, кўплаб вазиятлар яратди. Аммо, якунда улар ушбу вазиятларни голга айлантира олишмади. Бугунги баҳсда омад биз томонда бўлди, шу боис биз ғалаба қозондик.
Кам сонли бўлсада бугунги ўйинга бизни қўллаб-қувватлаш учун етиб келган мухлисларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, - дейди Ашурматов.
“Истиқлол” стадионидан SPORTS.uz муҳбири Бахтиёржон ТОШТЕМИРОВ ёзиб олди
Фикрлар