Бахтиёр Қосимов: "Бундай камбэкли ўйин биринчиси"

ОКМК клуби охирги пайтларда натижаларини яхшилаётгани сезилиб турибди. Чунки улар 14 очко билан 3-ўринга кўтарилиб олдилар.

8-турда ОКМК ўз уйида “Сўғдиёна”га қарши драматик учрашувда 5:3 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди.

Олмалиқликлар ярим ҳимоячиси Бахтиёр Қосимов Sports.uz сайтига қуйидагича интервью берди.

- Бахтиёр, "Сўғдиёна" жамоасига қарши драматик тарзда кечган ўйин борасида нима деган бўлардингиз?

- Ўйин жуда қизиқарли ва голларга бой бўлди. Ўйлайманки, томошабоп ўйин кечди.

- ОКМК ўйинни яхши бошлади, аммо кейин бўшашди ва сал қолса мағлуб бўлиши ҳам мумкин эди. Жамоа ютқазаётганда камбэк намойиш этди. Бундай пайтда қаердан куч олди?

- Тўғри, биз ўйинни яхши бошладик. Ҳисобда олдинга чиқиб олдик. Кейин эса стандарт вазиятдан гол ўтказиб юбордик. Мураббийнинг кўрсатмалари ва футболчиларнинг ғалабага бўлган ишончи кучлилиги учун бу вазиятдан чиқиб кетдик. Аввало, Аллоҳ омадимизни берди.

- Ёмғирли ҳавода футбол ўйнаш сизга ёқадими ёки...

- Албатта, ёқди.

- ОКМКнинг Ўзбекистон Кубогида гуруҳ босқичидан чиқа олмагани футболчиларга жиддий таъсир кўрсатмадими?

- Кубокдан чиқиб кетганимиздан сўнг жамоамизда ҳар бир футболчи бундан ўзига керакли хулосаларни чиқариб олди, деб ўйлайман.

- Чемпионатда жамоалар бир-бирига яқин ва юқори ўринларда ҳам зич жойлашишган. Бундан чиқди, сюрприз кўрсатадиган жамоа бўлади, деб ўйлайсизми?

- Ҳа, бу йил жуда қизиқ чемпионат ўтяпти. Охирги тургача шунақа бўлишини хоҳлайман. Албатта, сюрприз жамоа бўлиши мумкин.

- 5:3 кам учрайдиган ҳисоблардан бири. Сиз ўйнаган ўйинда охирги марта қачон бундай натижа қайд этилган ёки биринчисими?

- Ўйлашимча, бундай камбэкли ўйин биринчиси.

- ОКМКга барибир барқаролик ҳали етишмаётгандиек ёки ҳаммаси изига тушиб кетдими?

- Мавсум ҳали узун. Биз аста-секин ўз ўйинимизни топиб боряпмиз. Ўйлайманки, ҳозир ҳаммаси жойида. Жамоа кўтаринки кайфиятда ва шундай давом этишимиз керак.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!