Бекзод Абдураҳмонов UFCга қачон ўтиши, навбатдаги жанги ва менежери борасида сўз юритди

  • 26 июнь, 2023, 15:49
  • 0
  • MMA

Эркин кураш бўйича Олимпиада ҳамда жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби Бекзод Абдураҳмонов ММА бўйича ҳам жанг ўтказишидан хабарингиз бор. Ҳозирга келиб, у 7 та жангда (Сўнги жанги кўрсаткичларни қайд этиб борувчи сайтлардан ҳали ўрин олгани йўқ) иштирок этиб, барчасида ғалаба қозонган. У сўнги жангини 17 июнь куни Combat FC промоушенида ўтказиб, бразилиялик Де Фрейтасни 1-раунднинг ўзидаёқ таслим этганди. Хуллас, биз Бекзод билан боғланиб, унга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- ММА йўналишида навбатдаги ғалабангиз билан табриклаймиз!

- Раҳмат.

- Демак, буёғига бор диққат-эътиборингизни ММАга қаратасиз?

- Албатта, ММАга жиддий ёндашаман. Бироқ, ёзда бошқа жанг ўтказмайман. Сабаби, олдимизда жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлари бор. Шу мусобақаларга тайёргарлик кўраман.

- АҚШда жуда кўп машҳур заллар бор. Балки сиз улардан бирида машғулотлар олиб бораётгандирсиз?

- “Brodway jiujitsu” залида машғулотлар олиб бораман. Бу ердан ҳам UFCда жанг қилганлар бор. Ҳозир ёдимда йўқ, Забит Магомедшарипов билан баҳс юритган боллар машғулотлар олиб боради.

- Сўнги жангингиздан кейин, балки янада нуфузлироқ промоушенлар ҳақида ўйлаётгандирсиз?

- Олдимда турган мусобақалардан кейин яна бир-иккита жанг ўтказаман. Шундан кейин UFCда жанг қилиш ниятидаман.

- UFC билан шартнома тузиш осонмас, менежер сифатида ким билан ишлаш ниятидасиз?

- Ўзимнинг менежерим Жой Каве барчасини ҳал қилади. У Дана Уайт билан жуда қадрдон. Шунчаки мен ўзим яна бир-иккита жанг ўтказмоқчиман. Чунки UFCда энг кучлилар жанг қилади. Шундай экан, тажрибамни ошириб олишим керак.

- Бу борада сизга омад тилаймиз!

- Раҳмат. Насиб қилса, ММАда ҳам яхши натижалар қилишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!