Бекзод Нурматовнинг фожеасига ММА федерациясининг йўқлиги ҳам сабаб бўлдими?(Мулоҳаза)

Бир неча кун  аввал ажойиб спортчимиз Бекзод Нурматов бу ёруғ оламни тарк этди. Қаерда ва қачон, қай тарзда бу ҳолат рўй берганлиги деярли бутун ОАВда ёритилганлиги учун батафсил тўхталиб ўтишни лозим топмадим.

Касалликликни даволаш учун аввал унинг келиб чиқиш сабаби ўрганилганидек, бугун биз ҳам бу нохуш ҳолатнинг рўй бериш сабаблари ҳақида мулоҳаза қилиб кўрамиз.

Қолаверса, ушбу воқейлик туфайли ММАга нисбатан акс хулосалар ҳам пайдо бўлмоқда. Баъзи бу йўналишдан умуман хабари бўлмаганлар эса ушбу спорт турини "бои без правил" яъни " қоидасиз жанг" деб аташмоқда. Аммо, айтиш керакки, ММАда бир қатор қонун-қоидалар мавжуд. Қолаверса, у энг хавфли спорт турлари орасида кучли учликдан ҳам ўрин олмаган.

Юртимизда ҳали- ҳануз ММА федерацияси очилмаган. Федерация очилишига рухсат йўқ экан, нима учун мазкур йўналишда жанг қилаётганларни ушлаб қолишолмаяпти?! Бу спорт турига бўлган қизиқишни барибир чеклай олишмайди-ку. Аксинча,  юртимизда ММА йилдан -йилга оммалашиб бормоқда.

Юртдошларимиз Қирғизистон, Қозоғистон, Россия Республикаларида ўтказилаётган турли промоушен турнирларида иштирок этиб келишмоқда.

Майли, ажойиб жангчларимиз талайгина ва улар ғалабали юришлари билан барчамизни хурсанд қилмоқда. Лекин савиясиз, шунчаки пул учун тушаётганлар ҳам йўқ деб ўйлайсизми? Кўряпмиз, гувоҳ бўлмоқдамизки, бундайлар ҳам кўплаб топилади.

Натижада эса ачинарли мағлубиятларга учраб, қайсидир маънода кулгуга ҳам қолдик. Агар федерация бўлганида эди, барчаси назоратга олинган бўларди. Лицензиясиз ҳеч қандай турнирларда иштирок этиш бўлмасди. Ўзбекистон чемпионати ва бошқа  мусобақалар орқали кучлилар сараланар, савияси ҳамда салоҳиятига қараб жанг кечаларида иштирок этишга рухсат берилар эди.

Айнан ушбу омил бевосита Бекзод Нурматовнинг фожеасига ҳам боғлиқ деб ҳисоблайман. Албатта, бу шахсий фикрим.

Бекзодни шахсан жуда яхши танир эдим. Қадрдоним бўларди. Охирати обод бўлсин. Унинг жисмоний ҳолати ва маҳорати борасида фақат илиқ фикрларни билдириш мумкин. Ўша жангда ҳам у ютқазмаганди.10:9, 10:9 учинчи раундда 8:10 кўриниш олди. Фаоллик эвазига Бесланга ғалабани тақдим этишди. Хўш, бу ерда федерация билан қандай боғлиқлик бор, деб ўйлашингиз мумкин. Албатта бор. Агар расман федерация бўлганида эди, жангчиларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қила оларди. Ноҳақликлар нисбатан камроқ бўларди. Бундай нохолисликлар Нурсултон Рўзибоевнинг Қирғизистондаги жангида ҳам кузатилганлигининг гувоҳи бўлдик. Албатта, бу нисбий тушунча...

Энг асосийси эса, юртимиздаги турли хил турнирлардан аввал федерация томонидан тиббий кўрик ўтказилишидир... Шундай кўриклар натижасида спортчиларимиз организимида ривожланиб келаётган баъзи бир зўриқишларни олди олинган бўларди. Томография бу спорт тури учун жуда муҳим саналади.

Бекзодга ушбу жангдаги мағлубият ҳам қисман таъсир қилган бўлиши мумкин. Аслида, у бунданда мураккаб жангларда иштирок этган. Демоқчиманки, бу фожеа биргина мазкур жангга боғлиқ эмас. Бу бир қатор мусобақалар мобайнида шаклланиб келган, назаримда... Тўғри, ҳар бир турнирдан аввал тиббий кўрикдан ўтади. Бунга асло шубҳа қилмаймиз. Лекин айнан шундай ҳолатларга масъул бўлган ташкилот бўлса, янада мукаммал назоратга олинган бўлинарди. Маъсулият ҳам кучли бўларди.

Тўғри, ММА бу ўзига ҳос бизнес! Жаҳон тажрибасига эътибор қаратсак, федерациядан кўра, промоутерлик ташкилотларининг, промоушенларнинг ўрни катта ва муҳим. Лекин, бизга спортчиларни тўла назоратга олиш учун федерация керак бўлади деб ўйлайман.

Бир сўз билан айтганда, ММАни нотўғри талқин қилувчилар учун сўзимиз қуйидагича: ММА федерацияси очилиши ва шундай турнирларнинг юртимизда ўтишининг ҳам ўзига яраша ижобий томонлари бор.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бу шунчаки шахсий қарашларим ҳолос. Хулоса ўзингиздан...