Беларусь чемпионатида энг яхши легионер бўлиб турган ҳамюртимиз хусусида мутахассисларнинг хулосалари қандай? Ёхуд Жасур Яхшибоев танлаган йўл ҳақида

Беларусь чемпионатида нималарга қодирлигини кўрсатиб келаётган легионеримиз – Жасур Яхшибоевнинг ўйинларини кўргач, у ердаги маҳаллий мутахассислар ҳам ҳамюртимизга юқори баҳо беришди. Ўзимизда ҳам кўпчилик Жасурнинг фаолиятини диққат билан кузата бошлади. Яхшибоевни яхши билган айрим мутахассисларимиз унинг Беларусдаги фаолияти борасида Sports.uz учун ўз фикрларини билдиришди.

Дилшод Нуралиев (“Локомотив” ёшлар жамоаси мураббийи):

-  Жасур Беларусь чемпионатида биринчи ўринда кетаётган клубга ўтгани олдинга силжиш ҳисобланади. Агар гап янада кучлироқ чемпионатга кетиши ҳақида бўлса, у ўша жамоага мослаша оладими, асосий таркибдан жой эгаллай оладими? Унинг ёшида эса кўпроқ ўйин амалиёти жуда муҳим. Бир томондан қараганда, Жасур “Шахтёр”га ўтиб тўғри қилди. Бу Беларуснинг етакчиларидан бири, таркибида ҳам тажрибали футболчилари кўп. Асосий таркибга кириш имконияти катта ва ўйин амалиётига эга бўла олади. Барибир бу Европа клуби. Яхшибоев жамоаси билан Европа турнирларида иштирок этиб ўзини кўрсата олса, ана шунда у янада яхшироқ жамоаларнинг кўзига тушади. Жасур Яхшибоев ҳақида ҳар доим у мукаммал техникага эга футболчи, деб айтиб келганман. Айниқса, ўйинни ўз қўлига ола билади, ностандарт ҳаракатларни амалга оширишни қойиллатади.  Беларусда энг яхши футболчилардан бири бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ахир бошқа юртда легионер сифатида тўпурарлик қилиш осон эканми? Ҳамма яхши ўйинчининг ўзига яраша характери бўлади. “Пахтакор”да ишлаб юрган пайтимдан бери уни биламан. Барибир характери бор футболчининг ўйини ҳам бўлади. Характерсиз футболчининг эса ўйини ҳам чиқмайди.

Тимур Кападзе (Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи):

-  Менимча, Солигорскнинг “Шахтёр” жамоаси “Энергетик-БГУ”дан ҳар тарафлама кучлироқ. Тўғри, Беларусь чемпионатидаги вазиятни яхши билмаймиз. Лекин Яхшибоевнинг клубини ўзгартиргани ҳақида шуни айтишим мумкинки, у худди “Пахтакор” каби кучли жамоага ўтди. “Шахтёр” ҳамюртимизни қўлга киритишдан аввал уни обдон ўрганиб чиққани аниқ. Биз ҳам легионеримизнинг ўйинларини кузатиб боряпмиз. ОАВ орқали эса у ҳақида янгиликларни ўқиб турибмиз. Футболчимизнинг имкониятларини яхши биламиз. Жасур жуда иқтидорли бола. Ўйинни ўз қўлига олишдан сира қўрқмайди. Бу унинг устун томонларидан бири. Ўйлашимча, мана шундай иқтидори билан ҳам у ерда барчанинг эътиборини ўзига тортди. Балки Яхшибоевга Россия, Бельгия ва яна шунга ўхшаш чемпионатлардан қизиқишлар бўлаётгандир.

Назаримда, “Шахтёр” кейинчалик Яхшибоевни трансферидан фойда кўриши ҳам мумкин. Ўйлайманки, Жасур тўғри йўлдан кетяпти. Ўзига бўлган ишончи ҳам ортяпти. Тўғри, янги жамоага ўтгач, у ерга мослашиши учун вақт керак. Аммо Яхшибоев “Шахтёр”даги дебютидаёқ гол уриб мослашиш жараёнини ўзи учун осонлаштирди. Муҳими, у асосий таркибдан жой олиши керак. Ҳозирча иккита учрашувда ҳам захирадан майдонга тушди. Бунинг сабабини биз билмаймиз. Аммо ўйинлар давомида кўряпмизки, футболчимиз жисмоний томондан ҳам бошқалардан қолишмаяпти. Ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ, деймиз ва бу тўғри, аммо шу билан бирга жамоадошлари ва мураббийига ҳам кўп нарса боғлиқ бўлишини унутмаслик керак. Ҳаммасини ҳисобга олганда, Яхшибоевга у ерда ўсиш учун имконият кўпроқ. Балки келаси мавсумда унинг бундан ҳам кучлироқ чемпионатга кетиш эҳтимоли бўлар. Беларусдан бирданига топ-чемпионатларга кета олмайди. Ҳаммаси босқичма-босқич амалга ошади ва ҳозир Яхшибоев айнан шундай йўлдан кетяпти. Тан олайлик, Беларусь чемпионати Россия ёки бошқа ўртамиёна чемпионатларникидан кучли эмас. Лекин скаутлар уни кузатиб боришаётганига ишонаман. Улар кузатувга олган футболчисини бир-иккита ўйин билан чекланиб қолмасдан, балки йиллаб ўрганишади. Легионерларимизнинг четда ўйнаб ўзларини кўрсатаётганлари, хориж матбуотида бонг ураётгани ҳам бизни хурсанд қиляпти. Бу орқали Ўзбекистонда ҳали ҳам иқтидорли футболчилар борлигини кўрсатиб беришяпти. Яхшибоев, Ўрунов каби легионерларимиз худди реклама вазифасини бажариб беришяпти. Бундан кейин ҳам яна янги иқтидорларимиз легионерга айланишади, деган умиддаман.

Мухтор Қурбонов (АГМК клуби бош директори):

-  Жасур иқтидорли бола, гап бўлиши мумкин эмас. АГМКда ярим мавсум тўп сурди. Ўша вақтларда қайсидир учрашувларда ўзини кўрсатди, айримларида эса ўйини чиқмади. Беларусь чемпионатининг бир-иккита ўйинларини кўрдим холос. Шу боис савияси борасида бир нима дея олмайман. Менимча, Жасур легионерга айлангач, ўз устида янада кўпроқ ишлаётгандир. Айниқса, у ердагиларга ва бошқа скаутларга ўзбек футболининг даражасини яхши томонлама кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб, янада яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилаётгандир. Яхшибоев “Энергетик-БГУ”га бориб ўз жамоасини топгандек бўлди. Энди эса Солигорскнинг “Шахтёр” клубига ўтди. Назаримда, янги жамоасининг савияси ҳам, таркиби ҳам кучлироқ. У ерда қанчалик ўйнаб кета олиши ўзига боғлиқ. Фақат баъзида Жасурни характери панд бериб қўярди. Ҳозирги футболда 11 киши ҳужум қилади, 11 киши ҳимояланади. Ўзбекистонда тўп сурганида Яхшибоев кўпроқ ҳужумга берилиб кетарди. Ҳимояга эса унчалик эътибор бермасди. Балки Беларусда мураббийлар унга бошқача топшириқлар бераётгандир, бунисини билмадик. “Энергетик-БГУ”да кетма-кет голлар урди, ассистентлик вазифасини ҳам бажарди. Янги клубида эса мураббийнинг кўрсатмаси бошқачароқ бўлиши мумкин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!