Беларусь футболи: Шаҳзод зўрми ёки Шаҳбоз?
Беларусь футболи ўзбекистонлик ишқибозларга ҳам қадрдон бўлиб қолди. Ўтган йили “Энергетик-БГУ” ва “Шахтёр” жамоаларида муваффақиятли ўйнаган Жасур Яхшибоев Беларусь чемпиони ва мусобақанинг энг фойдали ўйинчиси бўлди. Бу йилдан Жасур Польша чемпионати пешқадами “Легия” сафида ўйнайди.
“Энергетик-БГУ”да етакчилик қобилиятини намойиш қилган Шаҳбоз Умаров мамлакатнинг энг қудратли клуби – БАТЭ сафига кўчиб ўтди. Унинг янги жамоадаги вазифаси клубни тарк этган жамоа юлдузи Игорь Стасевич ўрнига БАТЭ футболчиларига етакчилик қилишдир.
Шунингдек, “Энергетик-БГУ”да ижара асосида тўп тепган “Пахтакор” ўйинчиси Ҳумоюнмирзо Иминов легионер сифатида тажриба тўплагани ҳам унинг фойдаси бўлди.
Янги мавсумда ҳозирча Беларусь чемпионатида икки футболчимизга мухлислик қиламиз. Шаҳбоз БАТЭни чемпион қилиш учун курашса, “Шахтёр”да Жасур Яхшибоев ўрни ва рақамини олган ёш ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаев жамоанинг чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилишида ёрдам бериши керак.
Хуллас, Беларуснинг икки қудратли клубида икки ҳамюртимиз ўзаро рақобатлашади. Баҳс қизиқ бўлса керак.
Ҳар икки жамоа мавсумга жиддий тайёрланиш мақсадида хорижда ўқув машғулот йиғинини ташкил эди. Шаҳзод ҳам, Шаҳбоз ҳам янги жамоадошлари билан анча тер тўкди, мураббийлар уларнинг имкониятини ўрганди.
Туркиянинг Белек шаҳрида йиғин ўтаган БАТЭ олтита назорат учрашувида майдонга тушди. Борисовликлар “Текстильшик”ни 1:0 ҳисобида енгди. “Уфа”, “Ноа” ва “Лиепаей” билан бўлган ўйинлар бир хил – 1:1 ҳисоби билан якунланди. “Динамо Киев” БАТЭни 5:2 ҳисобида енгган бўлса, “Диле” жамоаси жавобсиз иккита гол урди.
Биз учун аҳамиятлиси, Шаҳбоз Умаров жарима зарбасидан “Динамо Киев” дарвозасига супергол урди. Ёдингизда бўлса, ўтган йили ёзда футболчимиз БАТЭ дарвозасига узоқ масофадаги жарима зарбасидан тўп киритганидан кейин борисовликлар уни ўз таркибига қўшиб олишга қарор қилганди.
Белекдаги ўйинларда Антон Сарока тўртта, Дмитрий Бессмертний ҳам битта гол киритди. Сароканинг бир голига Шаҳбоз пас берганди.
Мавсумга “Шахтёр” сафида тайёргарлик кўраётган 22 ёшли Шаҳзод Убайдуллаев Бирлашган Араб Амирликларида ташкил қилинган йиғинда қатнашди. Солигорскликларнинг янги ҳужумчиси гол уриш борасида Жасур Яхшибоевдан қолишмаслигини кўрсатмоқда.
Йиғинда Убайдуллаев жамоасининг энг яхши тўпурари бўлди. У беллашувлар давомида рақиблар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилди.
Шаҳзод Убайдуллаев янги жамоасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги ўртоқлик учрашувларида фаол қатнашди. Унинг голлари “Шахтёр”га Арманистоннинг “Пюник” клубидан 3:2, Россиянинг “Родина” жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба келтирди. Шунингдек, ҳужумчимиз Бирлашган Араб Амирликлари вакили – “Лива” ва Дубай Сити” жамоалари дарвозасини ишғол қилиб, солигорскликларнинг мос равишда 4:0 ва 7:0 ҳисобидаги ғалабаларини таъминлади.
“Шахтёр”нинг ўйинларини таҳлил қилган мутахассислар Шаҳзоднинг рақиб майдончаси ичида ўзига ишонч билан ўйнаётгани ва жарима зарбаларидан унумли фойдаланиш қобилиятига эга эканини алоҳида таъкидламоқда.
Беларуслар Убайдуллаевни ҳам Умаров ва Яхшибоевни бу мамлакатга олиб келган агентлар тавсия қилгани сабабли унга катта ишонч билдирмоқда. Шундай бўлса-да, Шаҳзод мавсумолди йиғинларида асосий таркибга киришдаги рақобатчилари – украиналик Роман Дебелко, албаниялик Валон Аҳмадий ва нигериялик Эзе Океухидан устунлигини кўрсата олди.
Хуллас, 2021 йилги мавсумда ҳам Беларусь чемпионати олий лигасини синчковлик билан кузатамиз. Чемпионлик учун курашадиган “Шахтёр” ва БАТЭ легионерларимизнинг келажакда янада кучли чемпионатлар ва клубларга ўтишида ўзига хос трамплин бўлишига умид қиламиз.
Фикрлар