Белбоғли кураш. Нукусда Ўзбекистон кубоги ўтказилди
Жорий йилнинг 16-18 декабрь кунлари Нукус шаҳрида белбоғли кураш бўйича ўғил болалар ва қизлар (U-18) ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвим-режасидаги мазкур Ўзбекистон кубоги баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 300 нафарга яқин ёшлар ўзаро куч синашишди. Регламентга мувофиқ, беллашувларнинг биринчи кунида тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Очилиш маросимида Осиё белбоғли кураш конфедрацияси президенти Мўмин Муратов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири Адилбек Алланазаров, федерация бош котиби Абдухалил Маликов ва бошқалар иштирок этиб, спортчиларга омад тилашди.
Икки кун давом этган муросасиз беллашувларда ўғил болалар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишларида 10 та вазн тоифасида куч синашишган бўлса, қизлар белбоғли курашнинг эркин йўналишида 8 та вазн тоифасига кўра беллашишди. Мусобақада қизлардан Гулсанам Солиева (Фарғона), Шахло Калмуратова (Қорақалпоғистон), Диёрахон Ўразова (Андижон), Мухлиса Рустамова (Наманган), Дилнура Норбоева (Қашқадарё) сингари спортчилар ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритишди. Ўғил болалар ўртасидаги мусобақаларда эса Фирдавс Ҳақназаров (Тошкент в.), Диёрбек Нарзиев (Бухоро), Озодбек Салимов (Фарғона) каби полвонлар рақибларига нисбатан устунликка эришиб, олтин медаль соҳибларига айланишди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди. Шунингдек, кубок баҳслари доира Осиё белбоғли кураш конфедрацияси президенти Мўмин Муратов ва Ўзбекистон белбоғли кураш конфедрацияси раиси Равшан Дастиров Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев билан учрашиб, 2025 йил май ойида белбоғли кураш бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатини Қорақалпоғистонда ўтказишга келишиб олинди.
Фикрлар