Белбоғли курашчиларимиз Жаҳон чемпионати ва кубогида 36 та медални қўлга киритди
Жорий йилнинг 1 ноябридан 6 ноябрига қадар Россиянинг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича 15-17 ёшли ўғил болалар ва қизлар ўртасида Жаҳон чемпионати ҳамда катталар ўртасида Жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро мусобақаларда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов, ёшлар бўйича миллий терма жамоа бош мураббий Усмон Маҳаматов, мураббийлар Карим Эрназаров, катталар терма жамоаси сифатида Тошкентбой Яхшибоев ҳамда белбоғли кураш бўйича терма жамоамиз аъзолари тўлиқ таркиб билан иштирок этди.
1-3 ноябрь кунлари 26 та давлатдан 300 нафардан ортиқ спортчилар иштирок этган жаҳон чемпионати баҳсларида полвонларимиздан Феруза Собирова (43 кг), Қувончбек Эрмуҳаммедов (45 кг), Ясмина Содиқова (52 кг), Самандар Солиев (55 кг) олтин, Жўрабек Мамадалиев (50 кг), Ўролбек Сарабеков (71 кг), Фотих Пўлатов (77 кг), Жавоҳирбек Нуъмонжонов ( +95 кг), Нилуфар Исоқова (+70 кг) кумуш, Фозилбек Абдураҳматов (45 кг), Асадбек Икромов (60 кг), Муҳаммадқодир Каримжонов (65 кг), Қувончбек Азимов (71 кг), Шодилбек Шодилбеков (85 кг), Шохрухбек Шодаҳмадов, Нафрузбек Мамаюсупов (95 кг), Диёрбек Ёқубов (+95 кг) Арофатхон Муҳамадова (48 кг), Гавҳар Абдусобирова (57 кг), Рўзихон Ғанижонова (63 кг), Меҳринисо Каримова (70 кг) бронза медални қўлга киритди.
Жаҳон чемпионати мусобақаси якунлангач, 4-5 ноябрь кунлари эркаклар ва аёллар ўртасида Жаҳон кубоги бўйича беллашувлар ўтказилди. Ушбу мусобақада ҳам вакилларимиз муносиб иштирок этиб, якунда классик йўналишда 1 та олтин, 2 та кумуш, 6 та бронза медалини қўлга киритган бўлса, эркин йўналишда 1 та кумуш 6 та бронзага эга чиқди. Ўтказилган Жаҳон чемпионати ва кубогида юртдошларимиздан Мираншоҳ Рўзиев, Элмурод Абдуллаев, Жамшид Эгамовлар ҳакамлик вазифасида ишлади.
Шунингдек, Жаҳон кубоги доирасида Татаристон Республикаси Спорт вазири Владимир Леонов ҳамда жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқуловлар иштирокида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, жумладан, ёш ва умидли спортчиларни тайёрлашда илмий методик, ўқув-йиғин машғулотлар самарадорлигини ошириш сингари қатор масалаларни муҳокама қилди. Ташриф давомида Рустам Бобоқулов Қозон шаҳридаги эшкак эшиш спорт тури бўйича марказ фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Бундан ташқари Россия федерацияси Бошқирдистон Республикаси спорт вазирлиги билан ҳам ҳамкорлик доирасида келишувларга эришилди. Унга кўра, шунингдек, жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси таклифига мувофиқ, жорий йил ноябрь ойининг учинчи ўн кунлигида Бошқирдистон Республикаси спорт вазири Руслан Хабибов бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюради.
Жаҳон кубогининг тантанали очилиш маросимида жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Абдухалилович Ғаниев ҳамда Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқуловга спортни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун Татаристон Республикаси спорт вазирлиги томонидан кўкрак нишони топширилди. Таъкидлаш жоиз, 2019 йилда Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Татаристон Республикаси спорт вазирлиги ўртасидаги меморандум имзоланган эди. Шу боис, 3 ноябрь куни Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов терма жамоа таркибидаги саккиз нафар белбоғли кураш бўйича вилоят спортчилари билан Татаристонга ташриф буюрган. Мусобақаларда иштирок этган Тошкент вилояти спортчиларидан тўрт нафари медалларга эга бўлди.
Фикрлар