Бензема ПСЖга қарши ўйнамоқчи. Бироқ...

Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Карим Бенземанинг ПСЖга қарши ўйинда иштирок этиши ҳамон сўроқ остида. 

34 ёшли франциялик футболчи эртанги ўйинда майдонга тушмоқчи, бироқ қарорни "Қироллик клуби" бош мураббийи Карло Анчелотти чиқаради. Қайд этиш лозим, Карим жамоа билан Парижга учиб келди.

Мушаклардаги жароҳати туфайли 23 январдан буён майдонга тушмаган ҳужумчи кеча умумий гуруҳ машғулотларида иштирок этди.

Бугун тунда "қаймоқранглилар "Парк де Пренс"да машғулот ўтказади. Шундан сўнг Бенземанинг ҳолати аниқ бўлади. 

Маълумот ўрнида, Бензема жорий мавсум умумий 28 та ўйин ўтказиб, 24 та гол ва 9 та ассист муаллифига айланди. 


Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!