Бензема: "Реал"даги муаммолар – футболчилар ўзаро вазифаларини тушунмаслиги билан боғлиқ"
"Реал"нинг собиқ ҳужумчиси, ҳозирда "Ал-Иттиҳод" сафида ўйнаётган Карим Бензема мадридликларда кузатилаётган муаммолар бўйича ўз фикрларини билдирди.
– Ҳозир қийинчиликка дуч келаётган "Реал" ҳақида нима дейсиз?
– Уларда ўзаро тушуниш етишмаяпти. Мбаппе, Винисиус, Беллингем ва Родриго орасида. Ҳар бир футболчи майдонда нимани бажариши лозимлигини аниқ билиши шарт. Беллингем тушуниши керакки, у ҳужумчи эмас, у плеймейкер. Мбаппе эса бомбардир, у плеймейкер эмас. Винисиус таянч ярим ҳимоячиси эмас, у чап қанот вингери. Ҳар бири ўз вазифасини тушунганда, бу муаммо йўқолади. Чунки уларнинг ҳар бири дунёдаги энг кучли ўн футболчи қаторига киради ва улар бир жамоада тўп суради.
– Бу вазиятни қандай ҳал қилиш мумкин?
– Бу осон эмас, чунки ҳар бир футболчининг ўз характери, ўз хусусиятлари бор. Ҳаммаси энг яхши бўлишни истайди, шунинг учун баъзи қийин вазиятлар юзага келади… Ҳар бири ўз роли доирасида жамоага фойда келтиришини тушуниши керак. Бу умумий жамоа манфаати учун қилинади.
– Бу масалаларни ҳал этиш Хаби Алонсо зиммасига тушадими?
– Йўқ, бу ерда мураббий кўп нарса қила олмайди. У рўйхатдан энг муносиб футболчиларни танлаб майдонга туширади. Шу босқичдан кейин ҳаммаси футболчиларнинг ўзига боғлиқ… Агар жамоадошинг сендан яхшироқ ўйнаса, буни қабул қилишинг керак.
Муаммо шундаки, сендан кўпроқ гол ураётган футболчини қабул қилиш қийин. Шунинг учун бир жамоада беш-олти кучли футболчи тўпланганда баъзи зиддиятлар пайдо бўлади. Ҳар бири ўз ҳиссасини қўшади. Ва охирида ҳужумчи доимо бошқаларга нисбатан кўпроқ эътибор олади. Лекин у барибир жамоадошларисиз ҳеч нарса қила олмайди. Ҳаммасини ёлғиз бажариб бўлмайди.
– Килиан Мбаппе бўйича нималар дейсиз?
– Мен унинг тарафдориман, у муваффақиятга эришиш учун барча қобилиятларга эга. Энди "Реал"ни совринларга олиб чиқиш унга боғлиқ, албатта, ўзи эмас, бошқалар билан, – дея таъриф бериб ўтди франциялик форвард.



Комментарии