Бердиев ва Канчельскиснинг учинчи тўқнашуви. Бугун орадаги фарқ тенглашадими ёки...
“Навбаҳор”нинг россиялик устози Андрей Канчельскис ва “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Coca Cola Суперлига доирасида бугун ўзаро учинчи марта тўқнаш келади. Бу ҳақда "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу мутахассисларнинг бир-бирига қарама-қарши бўлган олдинги ўзаро баҳсларида устунлик Андрей Канчельскис тарафида. Боиси, “лочинлар” айнан россиялик мураббий қўл остида “аждарлар”ни бир марта мағлубитяга учратиб, бир марта дуранг ўйнаган.
Худди бу йил бўлганидек, ўтган мавсумда ҳам айнан Суперлиганинг 4-турида, шунингдек, Қаршида ушбу жамоалар ўзаро куч синашишган ва Андрей Канчельскис 20 йиллик танаффусдан сўнг, “Навбаҳор”нинг яна Қаршидан ғалаба билан қайтишини таъминлаганди. Ўшанда наманганликларнинг ягона голига россиялик ҳужумчи Александр Касьян муаллифлик қилганди.
Наманганда 2-даврада бўлиб ўтган баҳсда эса (Coca Cola Суперлига 23-тур) дуранг – 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Ўша ўйиннинг 79-дақиқасида “Навбаҳор”нинг тажрибали ярим ҳимоячиси Азиз Ибрагимов ҳисобни очган бўлса, учрашув якунланишига саноқли сониялар қолганида, “Насаф”нинг маҳоратли ҳужумчиси Бобир Абдихолиқов гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолганди.
Фикрлар