Бердиевдан Бабаянга "тарсаки" ёхуд Намангандаги тактикалар жангида ким ғолиб чиқди?
Ўзбекистон Суперлигасининг биринчи туридан ўрин эгаллаган марказий баҳс - "Навбаҳор" ва "Насаф" ўйини ҳар жабҳада ўз афишани тўлиқ оқлади. Тўғри, натижа кўнгилдагидек бўлгани йўқ, аммо майдонда мураббийлар ўртасидаги супер тўқнашув гувоҳига айландик. Келинг, "Марказий" стадионида бўлиб ўтган тўқнашувни таҳлил қиламиз.
Бошланғич таркиб:
"Навбаҳор": 1.Ўткир Юсупов, 4.Боян Цигер (19.Нурилло Тўхтасинов, 45), 7.Азим Аҳмедов, 10.Жамшид Искандеров, 11.Ислом Кенжабоев (77.Асадбек Собиржонов, 63), 14.Жамшид Болтабоев, 22.Игорь Голбан, 23.Йован Жокич, 24.Давронбек Ҳошимов, 28.Станислав Андреев, 30.Элгужа Григалашвили (32.Зоран Марушич, 63).
Захира: 35.Раҳимжон Давронов, 2.Егор Кримец, 6.Рустам Ашурматов, 9.Иброҳим Ғанихонов, 17.Эҳсони Паншанбе, 99.Андрей Сидоров.
"Насаф": 1.Умиджон Эргашев, 4.Ҳусниддин Алиқулов, 5.Ғолиб Ғайбуллаев, 8.Дилшод Саитов, 10.Ҳусайн Норчаев, 18.Баҳром Абдураҳимов (9.Иван Соловьёв, 63), 20.Шаҳзод Акрамов (17.Суҳроб Нуруллоев,63), 22.Акмал Мозговой, 34.Шерзод Насруллаев (2.Алибек Давронов, 90+6), 88.Марко Станоевич, 92.Умар Эшмуродов.
Захира: 13.Азамат Сойибов, 35.Абдувоҳид Неъматов, 6.Муродбек Раҳматов, 23.Сардор Садуллаев, 30.Азиз Холмуродов, 99.Семир Смайлагич.
Ўйин схемаси:
"Навбаҳор": 4-4-1-1
Самвел Бабаян ўз одатига содиқ қолган ҳолда, баҳсни эҳтиёткор схемада бошлади. 4 та ҳимоячи, 2 та таянч ярим ҳимоячиси, қанотларда вингер ва марказда "фантазиста". Олдинги чизиқда битта соф ҳужумчи. Бир қарашда жуда оддий, аммо майдонда мураббий учун "манёвр" қилишга қулай услуб. Бу схема тўлиқ фойда келтириши учун таркибда кучли плеймейкер бўлиши шарт. "Навбаҳор" устози Ўзбекистон кубогининг амалдаги ғолибига қарши баҳсда майдондаги энг муҳим вазифани Жамшид Искандеровга юклади. "Жама" бутун ўйин давомида "пастроққа тушиб", тўпни қабул қилиши ва тезкорлик билан ҳужумни қанотларга кўчириши талаб этилди. Шунингдек, олдиндаги ягона соф ҳужумчи исталган пайтда ундан пас қабул қилишга тайёр бўлиши керак эди.
Баҳс олдидан Самвел Бабаян қўлидаги имкониятдан максимум фойдаланишга муваффақ бўлди, аммо ўйин стартида Рўзиқул Бердиев Бабаянни "старт схемаси" билан доғда қолдирди.
"Насаф": 3-5-2
"Насаф" устози "Пахтакор" билан Суперкубок учрашувидан фарқли ўлароқ, ўйинни 3 та ҳимоячи билан бошлади. "Аждарлар" мудофаасида Умар Эшмуродов, Ҳусниддин Алиқулов ва Ғолиб Ғайбуллаев соф марказий ҳимоячига айланди. Ўзбекистон клублари орасида бунақасини ҳар доим ҳам кузатавермаймиз. Бердиев 3 та ҳимоячи билан майдонга тушгани боис, асосий юк лотераллар Дилшод Саитов ва Шерзод Насруллаев зиммасига тушди. Улар рақибни майдон марказида кутиб олиши ва биринчи имкон бўлиши билан олдинга ташланиши режа қилинган. Таянч зонасида тўп тепган Акмал Мозговой ўзидан олдинроқдаги Марко Станоевич ва Баҳром Абдураҳимовни янада олдинроқ чиқиб ҳаракат қилиши учун имкон яратишга уринди. Олдинги чизиқда эса, Ҳусайин Норчаев ва Шаҳзод Акрамов кескинликни таъминлаши кутилган эди.
Бурилишларга бой "тўқнашув"
Искандеровнинг узоқ масофадан берган зарбасини инобатга олмаса, "Навбаҳор"нинг баҳс аввалидаги ўйини умуман чиқмади. Марказдаги учлик Элгужани тўлиқ беркитиб ташлади. Наманганликларнинг қанотлардаги кучи Болтабоев/Кенжабоев тезлик борасида Саитов ва Насруллаевга имкониятни бой бера бошлади.Қизиғи шундаки, Бердиевнинг икки лотерали биринчи бўлимнинг қаҳрамонларига айланди. Рақиб ҳужум бошлаётган пайтда, улар майдон марказигача келиб, прессингда иштирок этди.
Марко Станоевич ва Баҳром Абдураҳимов майдон марказидаги балансни ушлаб турган бўлса, Акмал Мозговой тўлиқ тозаловчи вазифасини бажарди. У бирорта эпизодда ҳужумга қўшилгани йўқ. Рақиб тезкор қарши ҳужумга ўтиб кетишига йўл қўймаслиги учун ўзига хос "страховка"га айланди.
Баҳснинг 20-дақиқасига келиб "Насаф"нинг майдондаги схемаси ўз кучини кўрсата, "аждарлар" тўп назоратини қўлга ола бошлади. Самвел Вячеславович эса, ўз шогирдларига ҳужум бошлаб бераётган 3 та марказий форвардга босимни кучайтиришни буюрди. Тезлик борасида мақтана олмайдиган Элгужанинг ўрнига Жамшид Искандеров бир неча маротаба "аждарлар" мудофаа учлигига прессинг ишлатганини кўрдик.
"Навбаҳор" энди рақибга босим уюштириб, "Насаф"нинг қанот ҳимоячиларини ўйиндан узиб қўйишга урина бошлади. Рўзиқул Бердиев рақиб хавфли қарши ҳужумга ўтиб кетмаслиги учун "лочинлар"нинг "юраги" - Жамшид Искандеровни Акмал Мозговой орқали беркитиш борасида кўрсатма берди. Акмал эса, Жамшидга қарши персонал ўйнашни бошлади. Мозговойнинг агрессив ҳаракатлари биринчи бўлимда бир неча бор жамоасини ҳавфли қарши ҳужумдан қутқариб қолганини кўрдик.
"Насаф" эса, ўйинга тўғри схема танлаганига қарамай, голга тортадиган вазиятлар ярата олмади. Бунга, мезбонларнинг марказ ва таянч позициясидаги вакиллари Норчаев ва Акрамовга бўш "зона" қолдирмаганини важ қилиб кўрсатиш мумкин. Боз устига, қаршиликларга қанотда ўз ҳукмронлигини ўтказганига қарамай, узатмаларни жарима майдончаси ичида қабул қилишга қодир баланд бўйли ҳужумчининг йўқ эканлиги панд берди. Норчаев ва Акрамов асосан қарши ҳужумда фойда келтирувчи тезкор футболчилар бўлгани боис, ёпиқ ўйин кўрсатаётган "Навбаҳор"га позицион ҳужумлар чоғида деярли хавф солмади. Биринчи бўлимнинг иккинчи яримига келиб , "Навбаҳор"нинг қанотига жавоб берувчи футболчилари "чекиниш"га мажбур бўлди. Насруллаев ва Саитовнинг фаоллиги Болтабоев ва Кенжабоевни позицион ҳимояда ўз ярим майдонигача қайтишига сабаб бўлди.
Тайм якуни арафасида Бабаян мажбурий ўзгаришга қўл урди. Марказий ҳимояда ҳаракат қилаётган Цигер ўз ўрнини Нурилло Тўхтасиновга бўшатиб берди. Тўхтасинов ўзи учун қулай бўлган ҳужумга яқин нуқтадан жой эгаллади. Марказдаги Азим Аҳмедов сўнгги ҳимоячига айланди.
Иккинчи таймга келиб, "Навбаҳор" ўйин схемасини 4-4-1-1 дан 4-3-3 га ўзгартирди. Кенжабоев ва Тўхтасинов вингерга айланган бўлса, марказда Жокич-Искандеров-Болтабоев учлиги пайдо бўлди. Шу тариқа, наманганликлар устози "аждарлар" ҳужумларини бошлаб бераётган 3 та соф ҳимоячига босимни кучайтириб, уларни кўпроқ хато қилишга мажбурлай бошлади. Бу юриш тезда майдонда ўз мевасини берди. Биринчи таймдан фарқли ўлароқ, иккинчи 45 дақиқаликда қаршиликлар пасларида "брак"лар сони кўпая бошлади.
Бунга жавобан "Насаф" узоқ масофага иккинчи қаватдан узатмалар орқали тезкор қарши ҳужумлар уюштирмоқчи бўлди, аммо Норчаев ва Акрамов бирорта эпизодда Голбан ва Аҳмедовдан чаққонроқ чиққани йўқ. Ўйиннинг 60-дақиқасига келиб, "Насаф" тўп назоратини йўқотгач, Насруллаев ва Саитов орқага қайта бошлади. 61-дақиқада Бабаян бирданига иккита футболчини майдонга ташлади. Асад Собиржонов ва Зоран Марушич Элгужа ва Кенжабоевни алмаштирди. Бу юриш ўйин тақдирига катта таъсир кўрсатди. Самвел Бабаян ҳужумдаги учликни тўлиқ янгилагач, "Пахтакор" билан оғир учрашувда анчагина куч йўқотган "Насаф" ҳимоячиларига босимни икки ҳисса оширишга муваффақ бўлди. Григалашвилидан фарқли ўлароқ, Зоран иккинчи қаватдаги ҳар бир узатма учун курашларда ютиб чиқа бошлади. Асад Собиржонов 60 дақиқа давомида иккита фронтда бирдек тер тўккан Шерзод Насруллаевни ҳужумга ўтишдан кўра, кўпроқ ўзини қўриқлашга мажбур қилди. Нурилло эса, Саитовни орқага қайтишини "таъминлади". Натижада, "Насаф" биринчи бўлимда бўлгани каби кенг қанотлар бўйлаб ҳужумга ўтиш имкониятини йўқотди.
Марказдаги Абдураҳимов ва Станоевич ўйинни ўз қўлига олишга уринди, аммо улар ҳамда форвардлар ўртасида катта бўшлиқ пайдо бўлди. Бу узилишни "аждарлар" узун паслар билан ёпишга уринди, аммо уларнинг аксарияти мана бундай кўриниш олди:
Жисмонан толиққан ва асосий ҳужум қуролларидан айрилган "Насаф" 70-дақиқадан бошлаб иккинчи рақамли клуб сифатида ҳаракат қила бошлади. 73-дақиқада Рўзиқул Бердиев рақиби Самвел Бабаян мураккаб вазиятдан чиқиб кетиб, ўйинни ўзи томонга оғдираётганини кўргач, тезда захирадаги асосий "козырь қарта"ларини "жангга ташлади". Соловьёв ва Нуруллоев Абдураҳимов ва Акрамов ўрнини эгаллади. Шу тариқа, Бердиев ҳужум ва марказ ўртасидаги узилишни йўққа чиқармоқчи бўлди. Бу кутилганидек наф келтирмади. "Лочинлар" тўп назоратини қўлга киритгач, ўзлари учун қулай бўлган пастроқ темпда жамоавий тарзда ҳужумга ўтишни бошлади.
"Насаф" эса, тўпсиз қолиб бутун жамоа бўлиб рақибга бўш зоналар қолдирмасликка уринди. Баҳс якунланишига 10 дақиқа қолганида, "Насаф" 3-5-2 ни тўлиқ 5-4-1 га алмаштирди. Бердиев гол киритишдан кўра, уни ўтказиб юбормасликка уринди. Бу эса, "Навбаҳор" учун айни муддао! Пастроқ темп, тўп назорати ва мухлислар олқиши.
Бердиев сўнгги чора сифатида захирадан баланд бўйли Смайлагични ўйинга ташлади. У анча толиқиб қолган ва ўйин давомида иккинчи қаватдаги бирорта курашда ғалаба қозонмаган Ҳусаин Норчаевни алмаштирди. "Насаф" устози шу тариқа, сўнгги дақиқаларда содир бўладиган стандарт вазиятларда бироз фаолроқ бўлишга умид қилди. 85-дақиқадан бошлаб, "Насаф" рақиб ўзидан жисмонан анча яхшироқ ҳолатда эканлигини англади ва имкон қадар бехато ўйнай бошлади. Ўз жарима майдончаси ичидаги узатмаларни камайтирди. “Марказий“га йиғилган мухлислар босими мезбонларнинг зарарига ишлай бошлади.
Баҳснинг сўнгги 10 дақиқасини “Навбаҳор“ жуда ёмон ўтказди. Рақиб 0:0га рози бўлган бир пайтда, “лочинлар“ кетма-кет ноаниқ паслар билан ўз-ўзига қарши ўйнай бошлади. Бабаян шогирдлари 20 минг ишқибознинг босимини енгиб ўта олмади. Натижада, баҳс нурсиз дуранг билан якунига етди.
Беллашув ҳақидаги умумий хулоса:
1-турни безаб берган ўйинда мураббийлар ўз маҳоратини кўрсата олди. Бердиев меҳмонда қўрқмай, бир чизиқда 3 та соф ҳимоячига мурожаат этган бўлса, Самвель Бабаян тўғри ўзгаришлар эвазига вазиятни ўнглади. Таркиби деярли 80 фоизга янгиланган “Навбаҳор“ жамоавий ўйини яхши шаклланган “Насаф“га қарши ўйинда йўқолиб қолгани йўқ. Ўз навбатида, “аждарлар“ ҳам захира ўриндиғи ўзиникига қараганда анча кучли бўлган “лочинлар“ билан тенг ўйин кўрсатди. Якунда, “Насаф“ ва “Навбаҳор“ 1 очкодан ишлаб олгани адолатдан бўлди.
Я . У
Фикрлар