Ads

21 май куни Андижонда катта футбол байрами. Олдиндан айтилганидек, шу куни «Соғлом авлод» стадионида халқаро даражадаги ўртоқлик учрашуви ўтказилади ва унда Ўзбекистон U-18 терма жамоаси билан Германиянинг «Берлин» U-18 жамоалари ўзаро баҳс олиб борадилар. Мухлисларнинг эса ушбу учрашувга бўлган қизиқишлари катта. Иккала жамоа вакиллари ҳам Андижонда жуда илиқ кутиб олинди. Учрашувдан олдин эса оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди. «Велла Элегант» меҳмонхонасида уюштирилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Генри Ренош ҳамда жамоа сардори Лауренз Дель иштирок этишди. «Берлин» U-18 жамоаси бош мураббийи эса ўйин олдидан қуйидагиларни айтди:

- Аввало бизни бу ерда жуда илиқ кутиб олишганидан хурсандмиз. Ўзбекистонда бўлиб турганимиздан жуда ҳам мамнунмиз. Бу ернинг одамлари меҳмондўст ва самимий экан. Умид қиламанки, эртага бўладиган учрашув қизиқарли ўтади ва мухлисларга ёқади, - дейди Ренош.

- Ўзбекистон U-18 терма жамоаси ҳақида фикрингиз қандай?

- Рақибни тўлиқ ўргандик дея олмайман. Лекин Ўзбекистон Осиё вакили ҳисобланади ва осиёликларнинг ўзига хос ўйин услуби бор. Европада эса бошқача услуб ўйналади. Шундай экан, эртага бизни қизиқарли рақиб билан тўқнаш кутиб турибди.

- Андижонда илк бор бўлиб турибсиз. Шаҳар сизга ёқдими?

- Бу ерга келганимизга ҳали кўп бўлмади. Лекин ҳозирдан айтишим мумкинки, ҳаммаси ажойиб. Бўш вақтимиз бўлиши билан албатта Андижонни айланиб чиқамиз.

- Ўзингиз ишлаётган Берлин академияси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Биз асосан терма жамоаларга ўйинчи етиштириб беришни асосий вазифа қилиб қўямиз. Футболчиларни 14 ёшидан қабул қиламиз. Терма жамоага Берлиннинг олтита клубидан ўйнчиларни олганмиз. Эртанги учрашув эса ўйинчиларимиз учун фойдали бўлади.

- Академияда таҳсил олган таниқли футболчилар борми?

- Албатта, бор. Масалан, ака-ука Боатенгларни айтишим мумкин. Шунингдек, «Челси»да ўйнайдиган Рюдигер ҳам бор. «Бавария» бош мураббийи Нико Ковач ҳам ушбу академиядан чиққан. Умуман олганда, бундай мисоллар кўп.

- Эртагалик ўйин олдидан нима деган бўлардингиз?

Лауренз Дель: - Бизни олдидан қизиқарли учрашув кутмоқда. Ўзбекистоннинг иқлими Германияникига қараганда иссиқроқ ва бу бироз қийинчилик туғдириши мумкин. Аммо ўйин кечки соат 6 дан кейин бошланар экан. Шу боис ортиқча муаммо бўлмайди деб умид қиламан.