Беш дақиқа ўйнаган легионеримиз голли пас узатди
Россия Миллий футбол лигасининг 21-турида ўзбекистонлик легионерлар – Вагиз Галиулин ва Бобир Давлатов тўп сураётган “Нефтехимик” жамоаси сафар учрашувида “СКА-Хабаровск” меҳмони бўлди.
“Нефтехимик” бош мураббийи Юрий Уткульбаев ҳар икки футболчимизни захирада олиб қолди. Вагиз танаффусдан сўнг ўйинга қўшилган бўлса, Бобир Давлатов баҳс охирида майдонга чиқди.
Бобир Давлатов жами беш дақиқа ўйнаган бўлса-да, ўз ҳисобига битта голли пас ёздириб қўйди. Ҳамюртимизнинг ўнг қанотдан узатган тўпини Максим Артёмчук рақиб дарвозасига аниқ жойлади.
Шунга қарамай, “Нефтехимик” сафардан мағлубият билан қайтадиган бўлди. “Ска-Хабаровск” учрашувда 3:2 ҳисобида зафар қучди.
Яна бир легионеримиз – Виталий Денисов ўйнаётган “Томь” жамоаси учун “Енисей” майдонидаги ўйин муваффақиятли якунланди.
Тажрибали ҳимоячимиз 90 дақиқа фаол тўп тепган баҳсда томскликлар кичик ҳисобда ғалаба қозониб, муҳим уч очкога эга бўлди.
Миллий футбол лигасининг навбатдаги турида “Томь” ўз майдонида “Чертаново” жамоасини қабул қилади. “Нефтехимик” эса, лига етакчиларидан бўлган “Оренбург”ни меҳмон қилади.
Фикрлар