"Бейжинг Гоань" мураббийи Зоран Янкович: Ҳамма бизга шубҳа билан қараганди, бироқ 1-турда кўп нарсани кўрсатиб қўйдик
Осиё чемпионлар лигаси шарқ минтақасида гуруҳ босқичи баҳслари бўлиб ўтмоқда. Бугун "I" квартети иштирокчилари иштирокида ўйин олди матбуот анжумани ўтказилди. Унда "Бейжинг Гоань" клуби мураббийи ва футболчиси қатнашиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Жамоа бош мураббийи Зоран Янкович:
"Биз эртага гуруҳ босқичидаги 2-ўйинимизни ўтказамиз. Айтишим мумкинки, "Кавасаки" осиёдаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Аслида, биринчи таркибимиз учун ҳам "Кавасаки" билан ўйнаш осон бўлмасди. Бироқ шу йигитлар билан ҳам яхши қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Бундай ўйинларга ёшларни тайёрлаш осон бўлмайди. Тўғри рақибимиз анча кучли жамоа. Аммо биз биринчи турда нималарга қодирлигимизни кўрсатдик. Буни давом эттиришни истаймиз.
таркибимиздаги футболчиларнинг аксарияти ҳали бола. Ёшларнинг фикрини бир жойга жамлаш муаммо туғдиради. Айниқса, ҳимоячилар билан бу ҳолат яққол сезилади.
Мусобақага келишимиздан олдин ҳамма бизга шубҳа билан қараганди. Ҳатто гол уришимизга шубҳа қилган ОАВ ҳам топилди. Бироқ биз биринчи турда кўп нарсани кўрсатиб қўйдик. Кейинги беллашувларда ҳам янада яхшироқ ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз.
Биринчи турда 1 очкони қўлга киритдик. Ўтган ўйинда ёўл қўйган хатоларимизни такрорламасликка ҳаракат қилиб, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Балки ўйин охирига келиб бироз хотиржамликка берилган бўлишимиз мумкин. Лекин энди бу хатони бартараф этамиз".
Жамоа футболчиси Го Цюаньбо:
"Ушбу турнирда қатнишиш ёшлар учун катта маҳорат мактаби ҳисобланади. Ушбу жиҳат биз учун энг муҳими ҳисобланади. Кучли жамоалар билан ўйнаш орқали ўзимизнинг тажрибамизни оширишга ҳаракат қиламиз.
Жамоада менга катта масъулият тушаётганини биламан. Жамоадошларимга қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан".
Фикрлар