Биласизми, "Навбаҳор" "Олимпик" билан бир хил натижа қайд этяпти, голларни эса фақат...
Турнир жадвалида пешқадам бўлиб турган “Навбаҳор” бу сафар Намангандаги “Марказий” стадионда Темур Кападзе устозлик қилаётган “Олимпик”ни қабул қилади. Яхши ўйин бўлади ва бунга тажриба билан истеъдодли футболчиларнинг уйғунлашуви деган таърифни берсак бўлади. Биласиз, “Олимпик” энг ёш жамоа ва таркиби олимпия терма жамоамиз негизи асосида ташкил қилинган.
“Навбаҳор”ни қандай кучга эгалигини ҳамма яхши билади. Ўзбекистондаги энг кучли таркиб Наманганда бўлса ҳам ажаб эмас. Шуниси аниқки, Суперлигадаги энг кучли футболчи “Навбаҳор”да тўп суряпти. Бу Остон Ўрунов. Унинг бир ўзи бемалол ярим жамоани ёриб кетиш хусусиятига эга. “Олимпик” футболчиларига Остонни тўхтатиш қийин бўлса керак.
Ўтган турда “Навбаҳор” Тошкентда “Бунёдкор” майдонида нималар қилганини кўрдингизми? “Қалдирғочлар”га қарши баҳсда Самвел Бабаян жамоаси энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Натижада илк бор наманганликлар “Бунёдкор” майдонида ғалаба қозонишди ва бу ишни Бабаян уддалади.
Энди Бабаян яна бир ишни бажариши керак. Гап шундаки, “Навбаҳор”нинг “Олимпик” клуби билан ўйинлар тарихи яқиндагина бошланди. Аниқроғи, ўтган йили Суперлигада илк бор бу жамоалар тўқнаш келишди. Қизиғи, 2022 йили Тошкентда ва Намангандаги учрашувларда бир хил – 1:1 ҳисоблари кузатилган. Биринчи даврада “Олимпик” майдонидаги ўйинда дастлаб 2-дақиқада Жамшид Искандеров ҳисобни очган бўлса, Пўлатхўжа Холдорхонов 39-дақиқада ҳисобни тенглаштирган. Иккинчи даврада Намангандаги баҳсда дастлаб меҳмонлар ҳисобни очган. Муҳаммадқодир Ҳамралиев 42-дақиқа ўтиб бораётганида “Олимпик”ни олдинга олиб чиққан. 86-дақиқага келиб “Навбаҳор” мағлубиятдан қутулиб қолган. Ўшанда ҳам Жамшид Искандеров ўзини кўрсатиб “Олимпик” дарвозасини ишғол қилган.
Кўриб турганингиздек, “Навбаҳор”ни “Олимпик” жамоасига қарши учрашувларда фақат Искандеров гол уриб келяпти. Кўрамиз, бу сафар ҳам Жамшид яна ўша анъанасини давом эттирармикин? Муҳими, “Навбаҳор”га ғалаба керак. Чунки ўзаро учрашувларда Бабаян жамоаси ҳали Кападзе бошқарувидаги “Олимпик”ни енгга олмаяпти. Ўтган сафар илк бор “Бунёдкор” майдонида ғалаба қозонишни уддалаган Бабаян энди “Олимпик”ни таслим қилиш чораларини излаётгани аниқ.
Кападзе жамоаси ҳозирча 15 очко билан 8-поғонада боряпти. 10 та учрашувда 4 ғалаба ва 3 тадан билан мағлубият бор. “Олимпик” етакчиларга қандай қаршилик кўрсатишни яхши биладиган жамоа. Бироқ баъзида футболчиларига барқарорлик етишмай қолаётган жиҳатлари ҳам бўляпти. “Навбаҳор” учун чемпионлик йўлида ҳар бир ўйиндаги ғалаба олтинга тенг ҳисобланади. Бу сафар ҳам Остон Ўрунов катта саҳнага чиқса ажаб эмас ёки юқорида айтиб ўтганимиздек, “Олимпик”га фақат Искандеров гол ураётганини ҳисобга олсак, балки у яна шу ишни такрорлармикин?
“Навбаҳор” – “Олимпик” иштирокида ажойиб ўйин гувоҳи бўлишимиз аниқ. Кападзе сюрприз кўрсатишни ҳам ёқтиради. Қани кўрамиз...
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар