Биласизми, "Нефтчи" футболчиси клубдан кетиш тараддудида

Хабарингиз бор, Фарғонанинг “Нефтчи” клуби янги мавсум учун таркибини сезиларли даражада кучайтирмоқда ва яқинда бир нечта топ трансферларни амалга оширди. Бу эса клубнинг мақсади янада жиддийлигини кўрсатмоқда.

Янги футболчилар билан шартномалар имзоланиши фонида клубнинг жорий мавсумдаги бир қатор футболчилари жамоани тарк этишаётгани маълум ва бу ҳол давом этмоқда.

Ёдингизда бўлса, “Нефтчи” тажрибали ҳужумчиларни ва ҳужумкор ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олганини эълон қилди. Жумладан, Зоран Марушич, Тома Табатадзе, Владимир Йовович, Муҳаммадали Ғиёсов сингари ажойиб ўйинчилар янги мавсумда фарғоналиклар шарафини ҳимоя қилишга розилик билдиришган ва табиийки, бу ҳолат “Нефтчи” таркибини анча кучайтирмасдан қолмайди. Маҳаллий мухлислар ҳам мазкур трансфердан бениҳоя мамнун бўлиб юришибди. Аммо ҳозирча ном жиҳатидан “Нефтчи” кучайиб боряпти, қолганини эса майдонда, жамоа қандай ўйин кўрсатишига қараб баҳо берилади.

Юқорида тўхталиб ўтганимиздек, айрим футболчилар “Нефтчи” билан хайрлашишмоқда. Ҳужумчилар сони кўпайгани эвазига Шохруз Норхонов фарғоналикларни тарк этди. Легионер ҳужумчи Эффионг Нсунгуси ҳам янги мавсумни бошқа клубда бошлаши кутилмоқда. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Sports.uz маълумотига қараганда, фарғоналикларнинг яна бир ҳужумчиларидан бири Азизбек Амонов ҳам янги мавсумни “Нефтчи” таркибида бошламоқчи эмас.

Гарчи 27 ёшли ҳужумчининг “Нефтчи” билан амалда яна бир йиллик шартномаси бўлишига қарамасдан жамоасини ўзгартириш ниятида ва ўзини бошқа клубда синаб кўрмоқчи. Бу борада клуб раҳбарияти билан музокаралар давом этяпти. Барча масала тез орада ҳал бўлиши кутилмоқда.

Амонов “Нефтчи” таркибига жорий мавсум ярмида қўшилган бўлиб,  ундан аввал БААнинг “Хорфаккан” клубида ўйнади. Азизбек фарғоналиклар таркибида 12 та ўйинда майдонга тушди ва 2 та гол уриб, 1 та ассистни бажарди. “Олимпик”га қарши ўйинда “Нефтчи” 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Амонов дублга эришган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси учун киритган голлари албатта кам. Дарвоқе, ҳужумчи миллий термада ҳозиргача 11 та учрашувда қатнашиб, 2 та гол муаллифи бўлган. У “Нефтчи”да ўзи истаганидек етарлича ўйин амалиётига эга бўлди, дейиш қийин. Боиси, футболчи асосан ўйиннинг иккинчи қисмида захирадан майдонга туширилди. У кўпроқ вақтини майдонда ўтказишни истаган. Қизиқ маълумот шундаки, Амонов фаолиятида тўп сурган клублари орасида энг оз ўйин ўтказган жамоаси “Нефтчи” бўлиб турибди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, 12 та учрашувда майдонга тушди ва 2 та гол урди. “Локомотив”да 81 та ўйин ўтказган ва бу унинг ўйнаган жамоалари орасида энг кўп майдонга тушган клубидир.  

Амонов бунга қадар “Локомотив”, “Бухоро”, “Истиқлол” (Эрон), “Насаф” ва “Хорфаккан” (БАА) клубларида тўп сурган. “Нефтчи” унинг фаолиятидаги 6-клуб ҳисобланади. Катта эҳтимол янги мавсумда Азизбек 7-жамоасига кўчиб ўтмоқчи. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!