Биласизми, "Қизилқум"нинг энг харидоргир футболчисини Россияда кутишяпти
Навоийнинг “Қизилқум” клубида тўп суриб аллақачон кўпчиликнинг эътиборига тушган 22 ёшли ҳужумчи Муҳаммадали Ғиёсов шубҳасиз айни пайтда ўз жамоасининг энг харидоргир ўйинчисига айланган.
Тиришқоқ футболчи “Қизилқум” сафида 2023 йилдан бери фаолият олиб боряпти. Ўтган йили 13 та ўйинда 5 та гол урди. Бу йил эса ҳозиргача 23 та беллашувда рақиблар дарвозасига 6 та тўп киритди. Ғиёсовнинг иқтидоридан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, уни ёрқин келажак кутяпти ва бу борада барчаси унинг ўз қўлида.
Муҳаммадалининг фаолиятидаги кўтарилиш кўп жиҳатдан бош мураббий Жамшид Саидов билан боғлиқ. Боиси, 2020 йилда мураббий “Бухоро”ни бошқарган чоғида Ғиёсовнинг иқтидорини пайқаб қолади ва натижада унга эътибор қарата бошлайди. Кейин эса футболчи Тимур Кападзе бошқарувидаги “Олимпик”га бориб қўшилди. У ердаги фаолиятидан кейин “Қизилқум”га ўтди. Чунки Жамшид Саидов навоийликлар бошқарувини ўз қўлига олгач, Ғиёсовни ҳам чақирди. Натижада мураббий ўз футболчисини кашф қила бошлади.
Хуллас, “Қизилқум”да порлаётган Муҳаммадалига “совчилар” бисёр. Суперлиганинг бир қанча клублари футболчига кўз тиккан. Лекин футболчи келаси йили фаолиятини легионер сифатида четда давом эттириши мумкин. Бизга етиб келган ишончли маълумотга кўра, Муҳаммадали Ғиёсов Россия премьер-лигасининг иккита жамоаси “радар”ига тушиб қолган ва ҳозирда жиддий кузатувда. Бу вариант футболчига ёқаётгани аниқ. Шу билан бирга у мавсум якунида “Қизилқум” билан хайрлашиши аниқ бўлиб улгурган. Шартномаси йил охирида ўз кучини йўқотади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам келаси йили “Қизилқум” футболчисининг фаолиятида янги саҳифа очилади. Қандай танловни қабул қилиши ўзига боғлиқ. Лекин Россия клубларининг чорловлари сабаб Ғиёсов янада кенгроқ имкониятларга эга бўлади. У билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатамиз.
Фикрлар