"Бир қатор футболчилар кетди, яна айримлари билан хайрлашамиз" - Эшитдингизми, "Бухоро"да таркиб масаласида ўзгаришлар бўляпти

Чемпионатни омадсиз ўтказаётган “Бухоро” клуби рақибларига очко йўқотишда давом этяпти. Бош мураббийликка Улуғбек Бақоев тайинланган бўлса-да, ҳозирча натижалар кутилганидек эмас.

Клуб 7 очко билан 12-ўринда бўлиб турибди. Бақоев таркибда ўзгаришлар бўлиши ҳақида матбуот анжуманларида айтяпти. Шу боис клуб бош директори Ўткир Қодиров билан боғландик. Чунки таркибда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бош директор Sports.uz журналисти билан мулоқот чоғида аввалига ОКМК билан учрашув тўғрисида қисқача тўхталди.

“ОКМК билан учрашувда йигитлар ёмон ўйин кўрсатишмади. Аммо ўзимизда камчиликлар бўлди. Ҳимоячиларимиз хатога йўл қўйди. Умуман, голларни ўз хатоларимиз эвазига ўтказиб юбордик”, - дейди Қодиров.

қодиров

Шунингдек, жамоа мутасаддисидан таркибдаги ўзгаришлар ҳақида ҳам сўрадик. Эшитишимизга қараганда, бир қатор ўйинчиларга жавоб бериб юборилган. Шу боис Ўткир Қодиров жамоанинг селекциядаги режалари хусусида гапирди.

“Ҳали вақтимиз бор. Ёзги трансфер ойнаси энди очилади. Хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, жамоамиз бош мураббийи Улуғбек Бақоев барибир таркибда ўзгаришларга қўл уради. Рости, бир қатор футболчилар билан хайрлашдик. Яна айримлари билан хайрлашиш режамизда бор. Барибир иккинчи даврада таркибимизни кучайтирамиз.

Айнан 5 нафар футболчи “Бухоро”ни тарк этди. Булар – дарвозабон Никола Стошич, шунингдек, Ихтиёр Тошпўлатов, Темур Исмоилов, Жасур Ҳасанов ва Жасур Азимов билан хайрлашганмиз. Боя айтдим, ёзги селекция пайтида ўзгаришлар бўлади, яна кетадиган футболчилар бор”.

бақоев

Бақоевнинг Бухорога қайтиши мухлислар учун хушхабар эди. Раҳбарият Фузайловнинг ўрнига Улуғбек Бақоевни олиб келиш орқали жамоа мавқеини мустаҳкамлашни хоҳлашаётгани билиниб турганди. “Бухоро” бош директори бош мураббий хусусида ҳам фикр билдирди ва жамоанинг мақсадига ҳам тўхталиб ўтди.  

“Биласиз, Улуғбек Бақоев тажрибали мутахассис. Бошида футболчиларни бошқа мутахассис селекция қилган. Бақоев қўлида қанақа масаллиқ бўлса, шундан таом тайёрлаяпти. Биринчи давра охиригача шу таркиб ўйнайди, бундан бошқа иложи йўқ. Қандай бўлмасин иккинчи даврага таркиб кучайтирилади. Мақсадимиз “Бухоро”ни Суперлигада сақлаб қолиш. Бу асосий вазифамиз. Ҳеч ким билан қарзимиз йўқ, вақтида ҳисоб-китоб қиляпмиз. Бу борада муаммо йўқ.

Шунингдек, “Бухоро” дарвозабон Игнатий Нестеров билан келишувга эришиб қўйгани ҳақида ҳам турли миш-мишлар пайдо бўлди. Бу борада раҳбар шундай деди:

“Игнатий Нестеров? Йўқ, йўқ. Биз у билан ҳеч қандай алоқага чиқмаганмиз. Таклиф билан чиқмадик ва гаплашмадик ҳам. Бу гап қаердан чиқди, билмайман”.

Бухоро55

Ёзги селекцияда қайси чизиқлар кучайтирилишга мухтож? Бу хусусида Ўткир Қодиров шундай деди:

“Таркибимизни кучайтириш учун кўпроқ маҳаллий футболчиларни олишга ҳаракат қиламиз. Агар қайсидир легионер бизга тўғри келса ва савияси бизникилардан баланд бўлса, ўйлаб кўрамиз. Тўғриси, легионер ўйинчини таклиф қилиш ҳам режамизда бор. Умуман айтганда, мураббийимиз қайси позицияларга ўйинчи олишни ўйлаб кўряпти. Менимча, дарвозабон, ҳужумчи ва яна бошқа позицияларга ўйинчилар оламиз”.   

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Rostgoy
29/05/2023 15:12
Кискаси Бакоев ясаб олщи узидан. Хаелида Моуринью. Муррабий бор уйинчидан натижа кила олса у хакикий муррабийлиги билинади.