"Бир томондан босим, яна бир томондан мотивация беради". "Андижон" футболчиси терма жамоа билан Осиё чемпионлигини нишонламоқчилиги ва клубдаги ўзгаришлар ҳақида
“Андижон”нинг истеъдодли қанот ярим ҳимоячиси Шерзод Эсонов жамоанинг умидли футболчиларидан бири. Ўтган йили клуб сафига қўшилган ўйинчи яхшигина иқтидорга эгалигини кўрсатди.
Қолаверса, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси аъзоси ҳам ҳисобланади. Март ойида эса Эсонов терма жамоа билан бирга Осиё чемпионатида иштирок этиши кутилмоқда.
- Фаолиятингизда аста-секин кўтарилиш кузатиляпти, ўтган йили илк бор про лигада ўйнадингиз ва дастлабки уринишдаёқ жамоа билан Суперлигага чиқдингиз. Энди яна биринчи маротаба элитада дебют қилиш имкониятига эгасиз. Қолаверса, ёшлар терма жамоаси аъзосисиз. Фаолиятингиз ўзингиз истагандек кечяптими?
- Фаолиятимда аста-секин кўтарилишни ҳис қиляпман. Аниқроғи, зинама-зина кўтариляпман. Худо хоҳласа, бу бошланиши. Янада яхши натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.
- “Андижон” билан янги мавсумга тайёргарлик кўряпсиз. Асосий эътибор нимага қаратиляпти ва Суперлигага мос жамоа тузилаётганини ҳис қиляпсизми?
- “Андижон” жамоамиз билан янги мавсумга тайёргарликни бошлаб олганмиз. Асосий эътибор жисмоний ҳолатимизни яхшилашга қаратиляпти. Суперлигага мос жамоа йиғиляпти, деб айта оламан ва буни йил давомида исботлашга ҳаракат қиламиз.
- Виктор Кумиковнинг кетишини кутганмидингиз ёки сиз учун кутилмаган хабар бўлдими? Умуман, янги бош мураббий Александр Хомяковни услубига мослашиш қандай давом этяпти?
- Тўғриси, Виктор Кумиковнинг кетишини кутмагандик. Биз муддатидан олдин про лига ғолиби бўлгандик ва Суперлига йўлланмасини ҳам қўлга киритишга улгургандик. Александр Хомяковга келсак, яхши мутахассис. Ушбу мураббийнинг услубига аста-секин мослашиб боряпмиз. Йил давомида Хомяковдан кўп нарса ўрганаман, деган умиддаман.
- Мухлислар севимли жамоасини Суперлигада кўришни соғинишганди. Энди уларни хурсанд қилиш муҳим. “Андижон”нинг Суперлигадаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Жамоамизнинг Суперлигадаги имкониятларини яхши баҳолайман. Бу нарсани мухлисларимиз олдида ва улар билан бирга хурсандчилик қилган ҳолда амалда исботлашга ҳаракат қиламиз.
- 16 январь куни ёшлар терма жамоаси ихтиёрига кетасиз. Март ойида Осиё чемпионати бўлади. Шунинг учун энди кўпроқ терма жамоада бўласиз. Бу ҳол эса сизни клубда янги мавсумга тайёрланишингизда муаммо келтириб чиқармайдими?
- Нима десам бўлади? Ёшлар терма жамоасидаги иштироким клубдаги вазиятимга ҳеч қачон халақит бермаган. Шахсан менда аксинча. Про лигада “Андижон” сафида менда ўйин амалиёти бироз камроқ бўлганди. Терма жамоада эса менинг ўйин тонусида бўлиб туришимда катта ёрдам бўлган. Бундан кейин ҳам муаммо келтириб чиқармайди, деган умиддаман.
- “Андижон”да ва терма жамоада бошқача услублар қўлланилади. Уларга кўникишда қийналиб қолмаяпсизми?
- Ҳа, “Андижон”да ва терма жамоада ўйин услублари ҳар хил. Мураббийларнинг кўрсатмалари ҳам турлича. Ўйнаётган позициямдан келиб чиқадиган бўлсак, мен ҳар хил жойларда тўп сураман. Лекин қийналмайман. Чунки мураббийларнинг кўрсатмаларини қўлимдан келганича бажаришга ҳаракат қиламан.
- Март ойида юртимизда Осиё чемпионати ўтказилади. Асосий мақсад қандай? Муносиб тайёргарлик учун барчаси етарлими?
- Худо хоҳласа, март ойида узоқ кутилган Осиё чемпионатига мезбонлик қиламиз. Юртдошларимиз кўз олдида мусобақа чемпиони бўлиб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Буни барчамиз жуда ва жуда хоҳлаймиз. Тайёргарликни анча олдин бошлаганмиз. Бунинг учун бизга етарли шароитлар яратиб берилган.
- Гуруҳдаги асосий рақибимиз сифатида кимни айта оласиз?
- Гуруҳдаги асосий рақиб сифатида мен ҳамма жамоаларни қўшган бўлардим. Осиё чемпионатида кучсиз рақибни ўзи йўқ. Биз ҳар ўйин ва рақибга алоҳида тайёрланиб, яхши натижага эришишга ҳаракат қиламиз.
- Ўз майдонимизда ўта муҳим мусобақада юрт шаънини ҳимоя қиласизлар. Бу ортиқча босимни келтириб чиқармайдими?
- Ўз майдонимида юрт шаънини муносиб ҳимоя қилиб, олтин медалга эга чиқиш истагидамиз. Бу бизга бир томондан босим ва яна бир томондан мотивация беради.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар