Бивол чемпионлик жангининг сўнгги раундида Баррерани нокаутга учратди
Ads

Бугун Нью-Йоркда ташкил қилинган бокс кечасининг андекарт жангларидан бирида ярим оғир вазн тоифасининг WBA чемпиони Дмитрий Бивол (12-0-0, 10 КО) ҳимоя жангини ўтказди.

Мазкур жангда чемпион ушбу камарга асосий даъвогар кубалик Салливан Баррера (21-1-0, 14 КО) билан куч синашди.

Мазкур жангнинг илк раундларида боксчилар галма-гал устунликни қўлга олишди. Бироқ олтинчи раунддан сўнг россиялик чемпион фаоллашди. Бу эса 12-раундга келиб ўз самарасини берди ва у раунд бошида ўнг қўлда берган кучли, аниқ зарбаси эвазига рақибини нокаутга учратди.

27 ёшли Дмитрий Бивол 2016 йилда WBA вақтинчалик жаҳон чемпионлигини қўлга киритган эди. Шундан сўнг у иккита муваффақиятли ҳимоя жангини ўтказди. Ўтган йили октябрда у тўлиқ чемпионликни расмийлаштирди. Ноябрда эса янги чемпионлик камарининг илк ҳимоя жангида австралиялик даъвогар Трент Броадхёрстни 1-раундда нокаутга учратган.

36 ёшли кубалик Салливан Баррера шу вақтга қадар профессионал фаолиятида бир марта – америкалик Андре Уордга мағлуб бўлган.