Биз унутган қаҳрамон янги сафар олдида турибди
Римниг "Лацио" клубида 5 йил аввал тўп сурган Фелипе Aндерсон дунёнинг энг кучли футболчиларидан бири бўлиши тахмин қилинган эди. 2016-йилда "Манчестер Юнайтед"га қўйиб юборилмагач, 2 йилдан сўнг 38 миллион еврога "Вест Ҳэм"га сотиб юборилди. Ҳозир бразилиялик футболчини "бургутлар" 3 миллион евро эвазига ортга қайтарди. Жамоанинг сўнгги йиллардаги прогрессида Клаудио Лотитонинг хизматлари улкан.
"Лацио"ни банкротликдан қутқариб қолган Лотито ҳақида икки хил фикр бор. У истаса Сергей Миленкович-Савични 160 миллион еврога сотишдан бош тортиши, Де Врейни эркин агент мақомида қўйиб юбориши мумкин. Марсело Бьелса билан янги клуб режалари ҳақида гаплашиб туриб, 3 кундан сўнг Саррини клубга чорлаши одатий хол. Клаудио қайсар инсон бўлибгина қолмай, музокаралар чоғида компрамисга бормайди.
Клубнинг спорт директори - Игли Таре ўз топилмалари билан барчани ҳайрон қолдиради. "Севилья"да омадсиз мавсум ўтказган Чиро Имобилени 9,5 миллион евро эвазига сотиб олганида уни кўплар танқид қилган эди. "Ливерпуль"дан Лукас Лейва (6 миллион) ва Луис Aлберто (4 миллион) трансферлари ҳам бундай катта фойда келтириши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмагани аниқ.
Уларни қўлга киритишда катта рол ижро этган Симоне Индзагини ҳам унутмаслик керак. Мутахассис ўз шогирдларининг имкониятларидан тўғри фойдаланган ҳолда 5 йилда 3 та совринга эга чиқди. Унинг прессингсиз, вертикал пасларга суянадиган футболи натижа кўрсатгани рост. Ҳа айтганча, Индзаги билан Лотито деярли бир йил музокаралар олиб борганига қарамай, келишувга эриша олмади.
Индзаги ўзидан сўнг мураккаб характерга эга ўртача футболчилардан тузилган кучли жамоани қолдирди. Лотито эса кутилмаганда Саррини жамоа бош мураббийи этиб тайинлади. Фаолияти давомида A Серия ва Европа лигасида муваффақият қозонган мутахассиснинг статуси Индзагиникидан баландроқ эканлиги ҳақиқат. Қайсидир маънода, римликларга омад кулиб боқди, бироқ танлов 100 фоиз ўзини оқлаши даргумон.
Маурицио "Наполи"да шу қадар чиройли жамоа туздики, ҳатто унинг A Серия романтики деб атай бошлашди. Aйнан Сарри биринчилардан бўлиб прессингни ёриб ўтиб позицион ҳужум қилишни Италияда тренд даражасига кўтарди. Унинг жамоалари марказдаги прессингни паслар билан енгиб ўтган ҳолда, бутун майдон бўйлаб олдинга интилар, нисбатан кучсизроқ клубларга ҳеч қандай имконият қолдирмас эди.
Aфсуски, "Наполи"да "Coach" ҳеч қандай соврин ютгани йўқ. Узоқ масофага чўзиладиган мусобақаларда Сарри ажойиб ҳаракат қилиши мумкин, аммо плей-офф баҳсларида услуб панд бериб қўймоқда. "Aталанта", "Лейпциг" сингари систематик футбол олдида "Наполи" қийналади. "Реал" ёки "Ювентус" сингари кучли ижрочиларга суянадиган клубларга қарши баҳсларда "Наполи" рақибга ҳеч нарса таклиф қила олмади. Мураккаб ўйинларда Саррининг услуби футболчиларни қийнаб қўйганини кўрдик.
Шунингдек, Сарри "Наполи"ни йилдан-йилга яхшилаб борган. A Серияда тўпланган (82-84-91) очколар сўзимизга исбот бўлиши аниқ. Неаполдаги сўнгги мавсумида 90+ очко билан чемпион бўлишни уддалай олмаган "Наполи" Италия тарихига кирди. Шу кунга қадар бирорта италян клуби 90 дан ортиқ балл жамғариб кумуш медалларга эга чиқмаган.
Сарри шогирдларидан талаб қиладиган футболни ўзлаштириш учун ижрочиларга вақт керак. Ўз жарима майдончаси ичидаги катта тезлик ва бутун майдон бўйлаб позицион ҳаракатга суянган ҳужумлар уюштириш Симоне Индзагининг барча тактик принципларига зид келади.
Симоне "3-5-2" схемасидан 5 йил ичида деярли воз кечгани йўқ. Унинг режасига кўра, қанот лотериаллари бутун майдонни беркитиши, ҳужум чоғида албатта рақиб жарима майдончаси ичида бўлиши шарт. Саррининг жамоаларида ҳеч қачон қанот ҳимоячилари ҳужумнинг асосий кучи саналмаган. Боз устига, у асосан тўп назорати устига ўйин қуради. Индзаги эса тўлиқ пасларга суянган қарши ҳужумларга асосланади. Бу "Лацио"нинг у бошқарувида Лиганинг тўпни назорат қилиш бобида ҳеч қачон 7 поғонадан тепага кўтарилмаганини тушунтириб беради. Сарри бошқарган 3 клуб бу борада Италияда тенгсиз бўлишни уддалаган.
Тўғри, профессионал футболчиларни янги услубга мослаштириш мумкин, аммо бу вақт талаб этади. Бу вақтни Лотито "сигареталар" кушандасига берадими? Мана кун тартибидаги асосий савол! Кўнглига келган ишни ўйлаб ўтирмай амалга оширадиган президент Саррининг футболига дош бера оладими?
Боз устига, 5 йил аввал ҳаммани ҳайрон қолдирган услубга қарши чоралар ҳозир ўйлаб топилган. Тўлиқ ёпилиб олган жамоани дунё даражасидаги ижрочиларнинг маҳоратисиз "синдириш" имконсиз. Барча футболчиси жарима майдончасига келиб олган рақиб олдида нима қилишини билмай бир-бирга тўпни ташлаб бераётган "Лацио"га қанчалар имкон беради?
Фикрлар