"Бизда ҳакамлар ҳар бир бақиришга ҳуштак чалишади". Тимур Кападзе шогирдлари майдонга овоз чиқариб йиқилишадими?
Суперлига дебютанти – Тошкентнинг “Олимпик” клуби Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги гуруҳ босқичини мағлубият билан бошлаганди.
Аммо кейинги иккита учрашувда бир ғалаба ва бир дуранг қайд этиб, кейинги босқичга чиқиш вазифасини уддалади. “Олимпик” устози Тимур Кападзе “Шўртан” билан учрашувдан кейин таассуротлари ҳақида гапирди.
- Кўрганингиздек, ўйин қизиқарли ўтди. Дуранг ўйнадик ва кейинги босқичга чиққанимиздан хурсандмиз. Менимча, яхши ўйин бўлди.
- Учрашув бошидан “Олимпик” “Шўртан”ни ютиб бўлгандек ҳаракат қилди. Шуни ҳисобига гол ўтказиб юбордими?
- Йўқ. Қарши ҳужум бўлиши эҳтимоли катта эди. “Шўртан”нинг тактикаси ҳимоядан ўйнаб, қарши ҳужумни кутиш эди. “Шўртан” ўз майдонида ҳимояланишни бошлади ва бизни қарши ҳужумларда жазоламоқчи бўлди. Шунинг учун қаердадир мана шундай қарши ҳужумга ўтиш эҳтимоли бор эди. Ўтказиб юборган голимизни яна такрор кўришимиз керак. Балки ҳимоячимиз улгурмай қолгандир. Биз қийналдик. Чунки ҳимояда турган жамоанинг дарвозаси олдида вазият яратиш қийин. Барибир ҳаракат қилдик, имкониятлар яратдик. “Шўртан” биринчи бўлимда бизни қарши ҳужум билан жазолаб вазифасини уддалади.
- Жамоангиз футболчилари майдонга йиқилаётганда овоз чиқариб йиқилишади. Бу ҳам машғулотнинг бир усулими?
- Йўқ. Улар ҳали ёш. Балки вақти келиб, бу нарсаси йўқолар. Ҳаммада ҳам эмас. Лекин ўзидан-ўзи бақирмаса керак, оғриқдан бақирса керак. Ҳакамларимиз ҳам курашларга йўл қўйиб бериш лозим. Бизда ҳакамлар ҳар бир бақиришга ҳуштак чалишади. Кейин футболчиларни шу нарсага ўрганиб қолиш эҳтимоли бор. Мен футболчиларимни яхши биламан. Атайлаб бақиришмайди.
- Бугунги натижа ўйинга мос бўлди, деб ҳисоблайсизми?
- Ғалаба учун келгандик, имкониятларимиз бўлди. “Шўртан” ҳам яхши ҳимояланди. 1:1 бўлдими, демак ўйинга мос деса бўлади. Албатта, яхши имкониятларимиз бор эди ва фойдаланганимизда ютардик. Бу – футбол. Рақиб ҳам яхши тайёргарлик кўрган. Курашлар бўлди.
- Учрашув сариқ карточкларга бой бўлди ва ўйин охирида четлатишгача етиб борди. Буни қандай баҳолайсиз?
- Бу майдондаги кураш. Иккала жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Бизда ҳам, уларда ҳам футболчилар сариқ карточка олди. Майдонда кескинлик бор эди, бу нормал ҳолат. “Шўртан” ҳам яхши жамоа, ўз уйида қандай ўйнашни билади. Қийин бўлишини билган ҳолда биз ҳам тайёрлангандик. Деярли иккала бўлимда ўйин бизнинг назоратимиз остида ўтди. Фақат имкониятлардан фойдаланишда бироз қийналдик.
- “Олимпик” ўтган сафар “Турон”ни йирик ҳисобда мағлуб этганди. “Шўртан” билан баҳсда мураббий сифатида нималарда қийналдингиз?
- “Турон” “Шўртан” каби у қадар ҳимояланмаганди. Ўша баҳсда биз имкониятларимиздан яхши фойдаландик. “Шўртан” аксинча зич ҳимоялангани учун бироз қийналдик. Лекин йигитларимиз ҳали ёш, кўп вазиятларда қийинчиликлар бўляпти. Эртага яна шунақа жамоага дуч келишимиз мумкин. Шу боис қандай ўйнаш ва нималарга эътиборни оширишни яхшилаб ўрганамиз. “Турон” биз билан очиқ ўйнади ва бизда бўшлиқлар бўлди, булардан фойдаландик.
Фикрлар