"Бизна яна бутун дунё сезади" - "Андижон" ва унинг мухлислари Кубок финалига қандай тайёрланаётганини биласизми?
5 октябрь куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Кубоги финалига қизиқиш қанчалик катталигини яхши биласиз. Водий дербисидаги “Навбаҳор” ҳамда “Андижон” клубларининг бош соврин учун майдонга тушиши ҳамда унда қандай интрига юзага келишини барча яхши тушуниб турибди.
Иккала жамоа мухлислари ҳам алоҳида тайёрланишмоқда. Жумладан, “Андижон” фан-клуби раиси Нодирбек Тўйчиев бошчилигидаги мухлислар армиясининг тайёргарлиги ҳар қачонгидан кўра жиддий. Чунки ўйиннинг моҳияти, унинг аҳамиятини аниқ ва тиниқ ҳис қилиб бормоқдалар.
“Андижон” 60 йиллик юбилейида Ўзбекистон Кубоги финалида ўйнаш имкониятини қўлга киритгани бежиз эмас, албатта. Шундай экан, нафақат ҳар бир футболчи, жамоа аъзоси ёки оддий мухлис учун, балки барча андижонликлар учун бу ҳаётидаги унутилмас учрашувдир.
Фан-клуби етакчиси Нодирбек Тўйчиев Кубок финали олдидан “Андижон” матбуот хизматига кўрилаётган тайёргарлик ҳамда финал олди фикрлари билан ўртоқлашди.
“Бу тарихий ўйин. Худо хоҳласа, ғалаба қозонсак бу тарихда қолади. Бундан кейин қачон финални кўрамиз? Қачон чемпионликка курашамиз? Биз билмаймиз, фақат Аллоҳ билади. Шунинг учун бу тарихий учрашув. Жамоамиздан илтимос қиламиз, жанг, жанг ва яна жанг қилишсин. Рақиб таркибида қиммат ўйинчи бўладими ёки миллий термада ўйнайдими, бизнинг футболчилар улардан қолишмайди, буни 100 фоиз биламиз. Ўйинчиларимиз ҳам бу нарсаларни ҳис қилиб туришибди.
Бу ўйинга ўта қаттиқ тайёргарлик кўряпмиз. Борасизлар, кўрасизлар! Стадионда барча андижонлик мухлислар қизил футболкада бўлишлари шарт. Ҳаммага текинга футболка берамиз. Ишқибозларимизга яна бериладиган бошқа нарсаларимиз ҳам бор. Бунинг учун ҳамма нарсани вақтида бажаришимиз шарт. Яна қайтараман: биз ишқибозлар жуда қаттиқ ва жиддий тайёргарлик кўрганмиз.
Стадионда бизга ажратилган 10-20-секторларда ўтирадиган барча-барча фан-клубга, фанатга айланади. У ерга борадиганлар нима учун кетаётганини билиб туришибди. Бизни фанатларни дунё биляпти. Яна бир бор “Андижон”ни дунё ҳис қилиши керак. Бунда Ўзбекистон шаъни ҳам плюсга ишлайди.
Андижондан Фарғонага мухлислар учун қулайлик яратиш мақсадида 30 та автобус хизмат қилади. Борди-келдиси текин. Автобусга чиптаси борлар чиқади. Айтиб ўтганимдек, у ерга борган ҳамма фан-клубга айланади. Барча мухлислар “Андижон” учун, қўллаб-қувватлаш учун кетяпти. 5 октябрь куни соат 11:00 да “Бобур арена” стадионидан автобуслар Фарғона томон юришни бошлайди.
“Истиқлол” стадионига борганда тартиб-интизом биринчи ўринда бўлади. Бизда бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун. Қизил футболка берилгач, ўша куни ёмғир ёғадими, қор ёғадими ҳамма қизил футболкани кийиши шарт ва мажбур. Яна бошқа нарсалар берилади. Мен айтган вақтда режаларимизни амалга оширишни бошлаймиз. Барча мени айтганларимни бажарса бўлди. Бизни дунё сезиб турибди. Жаҳоннинг нуфузли нашрларида ҳам биз ҳақимизда ёзишяпти. Ўша “Marca” журналида ҳам бизни чоп этишди. Худо хоҳласа, 5 октябрь куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида андижонлик мухлисларни яна бир бор бутун дунё сезади. Олға “Андижон”, фақат ғалаба!!!”, - дея ўз фикрларини билдирди, Нодирбек Тўйчиев.
Фикрлар