Бобур Абдухолиқов: "Насаф"дан кетдим, фаолиятимни хорижда давом эттирмоқчиман

“Насаф” тўпурари Бобур Абдухолиқов учун бу мавсум ўзгача ўтди. У ҳужумчи сифатида ўз вазифасини бажарди. Жамоасининг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлди. Йилнинг рамзий терма жамоасидан ҳам ўрин олди.

Абдухолиқов футболчилик фаолиятини фақат “Насаф”да ўтказиб келаётганди, аммо энди клубини ўзгартиришга яқин турибди. Sports.uz сайтига кейинги тақдири борасида ўз фикрларини билдирди.

- Пандемияни ҳисобга олмаганда, 2020 йил яхши ўтди. Масалан, жамоамиз билан кумуш медални қўлга киритдик ва яхши ўйинларни ўтказдик. Тўпурарлар пойгасида ҳам иккинчи ўринни олдим. Ўзим учун ҳам мавсумни қониқарли ўтди деб бемалол айта оламан. Барибир хулоса қиладиган бўлсак, натижаларимиз ижобий. Келаси йили ўз устимда ишлаб бундан ҳам юқорироқ натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламан, - дея гап бошлади, ҳужумчи.

- Рўзиқул Бердиев якунда иккинчи ўрин қўлга киритилишини кутмаганлигини айтди. Сиз бу фикрга қўшиласизми?

- Ростини айтсам, бизда ёш жамоа эди. Ҳар йили жамоамиз ёшлар билан янгиланаётганди. Тўғриси, иккинчи ўринни ҳеч ким кутмаганди деб бемалол айта оламиз. Ўйинларимиз шуни кўрсатдики, биз шу таркиб билан ҳам совринли ўринлар учун бемалол кураша оладиган жамоага айландик.

- “Насаф” яхши натижа кўрсатганига қарамай, ҳали ҳам футболчиларга медаллар топширилмагани, қарздорликлар тўлиқ бартараф этилмагани айтилмоқда. Бу ҳол кайфиятга қанчалик таъсир қиляпти?

- Раҳбарият бизга барча муаммоларни ҳал қиламиз деб айтишган. Уларнинг гапларига ишонамиз. Кутяпмиз, ҳал бўлиб қолар, яқин кунларда. Ҳали медаллар берилмади.

абду3

- Сизга Грециядан таклиф борлигини билдик. Легионер сифатида тўп суришингизни кўпчилик истаяпти, чунки бу футболимизга ҳам фойдали. Грецияликлар билан музокара қандай кетяпти?

- Греция клубидан таклиф борлиги рост. Лекин январда бир тўхтамга келамиз. Ҳозир эса ҳали аниқ эмас. Музокаралар давом этяпти.

- Грециянинг қайси клуби қизиқяпти?

- Сир бўла қолсин, аммо асосий лигасидан.

абду4

- Лекин сизга Осиёдан ҳам таклифлари борлигини биламиз...

- Осиёдан ҳам таклифлар бўляпти. Айтганимдек, январь ойида якуний қарорга келамиз. Қайси бири қулайлигини кўриб чиқамиз, хулосага келамиз.

- Футболчи сифатида кўпроқ қаерда ўсишга эришаман деб ўйлайсиз, Осиёдами ёки Европадами?

- Ўсишимга Европа жамоалари кўпроқ ҳисса қўшса керак деб ўйлайман, Осиёга нисбатан. Тўғри, ўзимизнинг қитъада ҳам кучли чемпионатлар бор. Барибир европаликлар футболи ҳар томонлама кучли деб ўйлайман. У ерда футболчига ҳамма нарса бор, ўсиши учун.

абду2

- Демак, бундан чиқди, сизни Греция чемпионатида кўришимиз эҳтимоли кўпроқми?

- Эҳтимоли юқори деб айта олмайман. Балки яна бошқа қизиқарли таклифлар бўлиб қолиши мумкин. Шунга қараб кейин хулоса чиқарамиз, вариантлардан бирини танлаймиз. Балки Европанинг бошқа мамлакатларидан ҳам таклиф бўлиб қолиши мумкин.

- “Насаф” билан шартномангиз тугаётгани учун сизни клубдан кетди деб ҳисобласак бўладими?

- Ҳа, “Насаф” жамоасидан кетди деб ҳисобласангиз ҳам бўлаверади.Энди четга кетаман деб ўйлайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!