Бобур Давлатов: «Пахтакор»дан қўрққанимиз йўқ»

Суперлиганинг 3-тур доирасидаги «Пахтакор» ҳамда «Насаф» жамоалари ўртасидаги учрашув кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ушбу тўқнашувда «Пахтакор» қўшиб берилган дақиқаларда иккинчи голни уриб ғалабани илиб кетишди. Аммо «Насаф» жамоаси томонидан намойиш этилган футбол ҳаммага манзур бўлди. Айниқса, қаршиликлар маҳаллий ёш футболчилари билан «Пахтакор»дек рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга таҳсинга лойиқ. Иккинчи бўлимда «Насаф» футболчилари шундай ўйин кўрсатишдики, улар ғалабага ҳам жуда яқин келишганди. Аммо якунда «Пахтакор» ғалабани илиб кетди. Қаршиликлар сафидаги ҳар бир футболчи эса майдонда борини бериб ўйнашди. Бунга Бобур Давлатов ҳам мисол бўла олади. Эндиликда ушбу ўйинчи жамоа етакчиларидан бирига айланди. Шу сабабдан Давлатов билан суҳбатлашдик.

- Бобур, «Пахтакор» - «Насаф» ўртасидаги учрашув ҳамманинг эътиборини тортди. Лекин жамоангиз аламли мағлубиятга учради. Аввало ўйин ҳақида нима деган бўлардингиз?

- «Пахтакор»га қарши ўйин доим мураккаб кечади. Ўйин ҳиссиётларга ва воқеаларга бой тарзда ўтди деган бўлардим. Лекин биринчи бўлимда ўйинимиз умуман қовушмади. Тўғрисини айтсам, танаффусгача кўрсатган ўйинимизни шунчаки шармандлик деган бўлардим. Чунки «Пахтакор» футболчилари биз билан ўйинда худди машғулотда ўйнаётгандек бўлишди. Нимагадир ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. Иккинчи бўлимда эса ўйинимизни 70-80 фоизга ўзгартира олдик. Шундан сўнг бизда ҳам голли имкониятлар бўлди ва ҳисобни тенглаштирдик ҳам. Лекин ўйин охирларида ўтказиб юборилган гол бизга қимматга тушди. Кўпчилик ўша вазиятда офсайд бор эди дейишмоқда. Лекин барибир бунга ўзимиз ҳам сабабчимиз.

- Тўғри, иккинчи бўлимда «Насаф»нинг ўйини тубдан ўзгариб кетди. Танаффус пайтида Рўзиқул Бердиев сизларни қандай руҳлантирди?

- Мураббийимизга ҳам биринчи бўлимдаги ўйинимиз ёқмаётганди. Шу боис қандай бўлмасин ўйинни ўзгартиришимиз керак эди. Бунинг учун Рўзиқул ака тактикани ўзгартирди. Ўзимизга бўлган ишончни уйғотди. Биз бу ерга шунчаки мағлуб бўлиш учун келмаганимизни исботлашимиз керак эди. Шу нарсани майдонга чиқиб исботлашимиз лозим эди. Натижада иккинчи бўлимда бошқача «настрой» билан ўйинга чиқдик. Кўрдингиз, ҳаракатларимиз ёмон бўлмади, тезкор ҳужумларга уюштирдик. Бироқ учрашув охирларида бироз мувозанатни йўқотдик. Ўзимиз вазиятнинг шу даражага етишишига йўл қўймаслигимиз керак эди.

- Лекин учрашувдан кейинги матбуот анжумани Рўзиқул Бердиев ҳакамлар ўйинни бузганини айтди. Сиз бу фикрга қўшиласизми?

21554482261

- Ўйин давомида ҳакамларнинг қарорлари баҳсли бўлди. Айниқса, иккинчи бўлимда бир қатор ҳужумларни ташкил этаётганимизда қанот ҳаками бўлар-бўлмасга байроқчасини кўтаравериб ўйинимизни бузиб қўйди. Очиғи, ўйиндан кейин тушкун кайфиятда бўлганимиз учун кўнглимизга ҳеч нима сиғмади. Ўйиннинг эртаси куни «Ютуб» тармоғи орқали ўйиндаги бир қатор эпизодларни кўрганимизда чиндан ҳам ҳакамлар ҳужумларимизни тўхтатишганига гувоҳ бўлдик.

- «Пахтакор»нинг киритган иккинчи голи ҳақида нима деган бўлардингиз? У ерда чиндан ҳам ўйиндан ташқари ҳолат бормиди?

- Кўпчилик шу мавзу ҳақида гапиришмоқда. Тўғри, ўйин охирларида «Пахтакор» устунликни қўлга олиб, ҳужумлар уюштирди. Биз эса аслида ўша пайтда мувозанатни бироз йўқотдик. Боя айтганимдек, вазиятни шу даражага етишига йўл қўймаслигимиз керак эди. Бу чиндан ҳам баҳсли вазият бўлди. Агарда тўп Марат Бикмаевга тегиб Кримецга борган бўлса унда бу офсайд бўлади. Лекин ўша ҳолатда  уларнинг олдида бизнинг ўйинчимиз ҳам турганди. Шу боис бу вазиятда чиндан ҳам баҳсли ҳолат эди. Тўғриси, бир нима дейишим қийин.

- Умуман олганда, ўйиндан олдин «Пахтакор»дан чўчиш ҳолати кузатилмаётганмиди?

- Йўғе, қанақа чўчиш? Аксинча, «Пахтакор»га қарши маза қилиб ўйнаш керак. Ахир бу Ўзбекистондаги кучли клублардан бири бўлса, шундай экан, уларга қарши ўз кучингни кўрсатиш янада ёқимли кечади. Биз «Пахтакор»дан умуман қўрққанимиз йўқ. Шахсан менда умуман чўчиш кузатилмади. Жамоадошларим ҳам рақибдан қўрққани йўқ. Фақат биринчи бўлимдаги ўйинимиз ҳали айтганимдек, шармандлик бўлди, ўзим уялиб кетдим, очиғи. Иккинчи бўлимдагина ўзимизга келдик. Лекин натижа бизни асло қониқтирмади.

- «Насаф» таркиби асосан академия тарбияланувчларидан ташкил топгани учун эндиликда Умар Эшмуродов ва сиз жамоа етакчиларига айландинглар…

- «Насаф»даги йигитлар жуда тиришқоқ ва иштиёқманд. Улар клуб академиясида таҳсил олишгани учун «Насаф» сафида қандай ўйнаш кераклигини ва клубнинг олиб бораётган сиёсатини яхши тушунишади. Бундай жамоада ўйнаш бизга ҳам ёқимли. Қолаверса, ёш, иқтидорли футболчилар билан киришиб кетиш ҳам бизга қийинчилик туғдиргани йўқ. Ишонаманки, «Насаф» турдан-турга ўз ўйинини кучайтириб боради.

- Лекин бундай ёш таркиб билан ҳамма мураббий ҳам ишлай олмайди. Чунки бундай жамоа билан бирор нимага эришиш қийин деб ҳисоблашади. Лекин Рўзиқул Бердиев ёшлар билан ишлашда давом этяпти…

- Менимча, Рўзиқул ака Ўзбекистонда ёшлар билан ишлаш бўйича биринчи рақамли мураббий бўлса керак. Тўғри айтдингиз, ҳамма мураббий ҳам бундай ёшлар билан ишлайвермайди. Лекин Рўзиқул Бердиев улар билан қандай ишлашни билади. Шу боис «Насаф» турли ёшдаги терма жамоаларимиз учун ўйинчиларни етказиб беришда давом этяпти. Очиғи, бу мураббий билан бирга ишлаш бизга ҳам ёқимли.

- «Насаф» бундай ёш таркиб билан қандай мақсад учун курашяпти?

- Раҳбарият томонидан олдимизга 2- ёки 3-ўринни оласизлар деган вазифа қўйилмаган. Биз ҳар бир ўйинда майдонга чиққанимизда фақат ғалаба ҳақида ўйлаймиз. Биласизми, биз майдонда ҳеч қандай босимсиз, эркин ҳолатда ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Мураббий ҳам биздан ўз имкониятларимизни кўрсатишимизни айтяпти.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Sash
09/04/2019 14:10
Hakamlar NASAF ni saviasidagi hakamlarmas. Nasaf yutqazmadi shunchaki g'alabani tortib olishdi.
Djasurbek Ghafurdjanov
16/04/2019 13:46
Пахтакор ҳаққоний ютда,ҳар томонлама,ҳам кучини аяди,очл учун.
&
GOAL
09/04/2019 14:12
Nasaf futbolchilariga omad
&
Mansurbek
09/04/2019 17:09
Насафни кейинги ўйинларига омад