Бокс. 2028 йилги Олимпиадада илк бор тўлиқ гендер тенглиги таъминланади
Халқаро Олимпия қўмитаси 2028 йилги Олимпиада ўйинларига саралаш тизимини тасдиқлади.
Ушбу тизимни "World Boxing" ташкилоти тақдим этган.
Расмий маълумотларга кўра, Олимпиада тарихида илк бор тўлиқ гендер тенглиги таъминланади: эркаклар ва аёллар еттитадан вазн тоифасида медаллар учун баҳс олиб боради. Умумий иштирокчилар сони 248 нафар спортчини ташкил этади (эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақаларда 124 нафардан).
Мазкур тасдиқланган саралаш тизими бир нечта босқичдан иборат бўлади. Боксчилар Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритиш учун учта Жаҳон лицензион турнири ҳамда бешта қитъа мусобақасида баҳсларга кириши мумкин бўлади.
Саралашнинг биринчи босқичига 2027 йили Қозоғистонда ўтадиган "World Boxing" доирасидаги Жаҳон чемпионатида старт берилади.
Шундан сўнг 2027 ва 2028 йиллар давомида қитъавий турнирлар ташкил этилади.
Саралаш доираси 2028 йилдаги иккита жаҳон квалификация турнири билан якунланади.
Тез фурсатлар мобайнида "World Boxing" мусобақаларни ўтказиш учун аризалар қабул қилишни бошлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, "World Boxing" ташкилоти саралаш жараёнларини ва Лос-Анжелесдаги Олимпия ўйинларидаги мусобақаларни ташкил этишни назорат қилади.
Олимпиада-2028 да бокс бўйича медаллар қуйидаги вазн тоифаларида ўйналади:
Эркаклар: - 55 кг, - 60 кг, - 65 кг - 70 кг, - 80 кг, -90 кг, +90 кг.
Аёллар: -51 кг, -54 кг, -57 кг, -60 кг, -65 кг, -70 кг, -75 кг.
2028 йилги ёзги Олимпия ўйинларига 14-30 июль кунлари АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳри мезбонлик қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

Фикрлар