Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида кучлилар сараланмоқда ёхуд "сола-сол" энди бошланади!
Хабарингиз бор, мана 4 кунки Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази бокс залида катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда.
Саралаш баҳслари ва бугун нимчорак финал жанглари ўз якунига етди. Эртадан чорак финал баҳслари старт олади.
"Кучлилар жанги" дея ном олган бу сафарги Ўзбекистон чемпионати кутилганидан ҳам шиддатли тарзда кечмоқда.
Ҳар бир вазн тоифасида рақобат жуда кучли эканлигини кўришимиз мумкин. Ёшлардан катталарга ўтганлар ҳам ўзини кўрсатиш иштиёқида ёнмоқда.
Ҳа, кутилганидек, терма жамоадан ўрин олганлар ўзига билдирилган ишончни оқлашмоқда. Ҳозирча бирорта сенсациянинг гувоҳига айланмадик. Аммо, кутилмаган натижалар ва "апсет"лар чорак финалдан бошланиши мумкин.
Чунки чемпионат шуни кўрсатмоқдаки ёшлар ҳам етакчиларга жанг таклиф қила олишга қодир. Шунингдек, бироз фаолиятида пасайиш юзага келган боксчиларимиз ҳам юқори жисмоний ҳолатга эга эканликларини кузатяпмиз. Жумладан, қизлар боксида бир неча йиллар -60 кг вазнда етакчиликни хеч кимга бермаган ва бироз сўнги вақтларда камнамо бўлиб қолган Райхона Қодирова ҳам аста-секин ўз "форма"сини тиклаётганига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, энг чиройли, мухлисларбоп бокс намойиш қилувчи Иқболжон Холдоров ҳам бу чемпионатга юқори кайфиятда ва ажойиб жисмоний ҳолат билан ташриф буюрганлигини исботламоқда. Унинг ҳам бу сафар -71 кг вазн тоифасида чемпионликка даъвогарлардан бири сифатида эътироф этиш мумкин.
Шу ўринда ўз имконияти даражасида жанг қила олмаганларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Тўғриси, мени кузатганларим орасида -60 кг вазнда Абдували Бўрибоев чемпионликка даъвогарлардан бири эди назаримда. Лекин у кечаги баҳсда Самандар Эшмуродовга имкониятни бой бериб қўйди. Тўғри, муросасиз жанг кечди. Бироқ, Бўрибоевнинг имконияти бундан юқорироқ эди чамамда. Албатта, Бўрибоев ҳам керакли хулосаларни чиқаради ва навбатдаги турнирларга кучлироқ бўлиб қайта олади.
Ва яна зўр жанг қилиб турнирни тарк этганлар сафига қизлар ўртасида Фарғона вилояти вакиласи Диёрахон Сойибовани ҳам қўшиш мумкин. У бухоролик Феруза Шариповага ҳақиқий жанг таклиф қила олди. Одатда, қизлар бокси бироз сокин тарзда кечади, аммо Феруза ҳамда Диёра рингнинг ҳар қаричи учун жанг қилишди, десак муболаға бўлмайди.
Ҳа, кўп бора таъкидлаб ўтмоқдамиз ҳар бир вазнда рақобат жуда ҳам кучли дея, лекин реал олиб қараганда энг кучли рақобат -63,5 кг вазн тоифасиджа эканлигини айтиб ўтиш керак. Ҳа бу вазн бизга жуда ҳам қадрли саналади. Чунки Олимпиадада илк олтинимиз айнан шу вазнда тирик афсонамиз Муҳаммадқодир Абдуллаев томонидан қўлга киритилган. Албатта, бу бир маълумот тариқасида айтиб ўтилди. Энди, юқоридаги фикрларимизга қайтсак, дарҳақиқат бу вазнда амалдаги жаҳон чемпиони, амалдаги Осиё чемпиони, U22 тоифасида Осиё чемпионлари бир-бирига рўбарў келади.
Ҳа, Руслан Абдуллаев амалдаги жаҳон чемпиони, Адҳамжон Муҳиддинов амалдаги Осиё чемпиони, Дилшод Абдумуродов U 22 да икки карра Осиё чемпиони, Абдуллоҳ Мадаминов U 22 да амалдаги Осиё чемпиони, уларнинг бошқа халқаро турнирда ва мамлакат чемпионатидаги натижалари ҳам ҳавас қилса арзигулик. Биласизми, бу вазнда бугун Адҳамжон Муҳиддиновга рақиблик қилган Ҳумоюнмирзо Абдурасулов, Дилшод Абдумуродовнинг рақиби Мерож Саимов, Руслан Абдуллаев билан баҳс юритган Муҳаммадсобир Алеутдинов ҳам жуда яхши ҳаракат қилишди. Кучли рақибларини олдида ўзларини йўқотиб қўйишмади ва ҳақиқий жанг таклиф қилишди. Демоқчиманки, саралаш ҳам етакчилар учун осон кечаётгани йўқ.
Мана энди эътибор қаратинг, Руслан Абдуллаев, Адҳамжон Муҳиддинов, Дилшод Абдумуродов, Абдуллоҳ Мадаминов, Саят Илясов ҳамда Миркамол Саидохунов ҳақиқий рақобатни, муросасиз қарама-қаршиликни тақдим этишади. Шундай экан Ўзбекистон чемпионати "Кучлилар жанги"ни кузатиб боринг. Асло зерикиб қолмайсиз!
Бу саралаш ва нимчорак финалдаги таассуротлар эди. Қизиғи ҳали олдинда. "Мясорубка" энди бошланади!
Аҳмадбек Эшматов тайёрлади
Фикрлар