Бокс. Ўзбекистон чемпионати финалларини матнли трансляция орқали кузатиб боринг!

  • 7 ноябрь, 2020, 11:26
  • 0
  • Бокс

Янгилаш

14:32: Шунинг билан Ўзбекистон чемпионати финалидан амалга оширган матнли трансляциямиз ўз якунига етди. Ушбу трансляцияни Абдулвосид Валихонов матнли трансляция тарзида эътиборингизга ҳавола этди.

14:31: Жаҳонгир Зокиров беллашувга келмаганлиги сабабли Лазизбек Муллажонов ўз вазнида Ўзбекистон чемпиони деб эълон қилинди. 

14:29: 91 кгдан юқори бўлган супероғир вазн тоифаси жангчилари ўртасидаги финал бошланмоқда. Лазизбек Муллажонов - Жаҳонгир Зокиров баҳси.

14:18: Жанг якунланди. Ҳа, ҳақли равишда Мадиёр Саидраҳимов - 91 кггача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон чемпиони!

14:13: Иккинчи раунд ҳам Мадиёрнинг устунлигида ўтди. У номдор рақибини анча оғир зарбалар билан сийлаяпти.

14:09: Мадиёр Саидраҳимов биринчи раундни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. 

14:06: 91 кггача вазн тоифасидаги финалда Санжар Турсунов ва Мадиёр Саидраҳимов баҳс олиб боради. 

13:54: Жанг якунланди. Ҳакамларнинг якдил қарори билан Дилшод Рўзметов 81 кггача бўлган вазнда Ўзбекистон чемпиони!

13:50: Иккинчи раундда Рўзметов тажрибасини кўрсата олди. 

13:46: Биринчи раундда тенглик. Ҳар икки боксчи зарбалар алмашиб олмоқда. Собуров фаол бўлишга ҳаракат қилмоқда. 

13:41: 81 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финал баҳси Дилшод Рўзметов ва Темурхон Собуров ўртасида кечади. 

13:32: Аслановнинг секунданти жангни давом эттиришдан бош тортди. Саиджамшид Жафаров - 75 кггача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон чемпиони!

13:30: Биринчи раунд жуда пассив ўтди. Ҳакам раунд давомида боксчилардан бунинг учун очко ҳам олиб ташлади.

13:25: 75 кггача бўлган вазн тоифасидаги финал Саиджамшид Жафаров ва Одилжон Асланов ўртасида кечади. 

13:07: 69 кггач бўлган вазн тоифасида Бобоусмон Ботуров ғолиб деб топилди. 

13:07: Учинчи раунд анча тенг курашларда кечди. 

13:03: Иккинчи раундни бемалол Йўлдошев ҳисобига ёзиб қўйсак бўлади. Зарбалар салмоғи анча юқори.

12:58: Биринчи раундда Йўлдошев анча фаол ҳаракат қилди. Зарбаларни жавобсиз қолдирмаяпти. Ботуровнинг очиқ жангига яхши туриб бера оляпти. 

12:51: Навбатдаги жанг 69 кггача бўлган вазн тоифасида ўтказилади. Рингга Бобоусмон Ботуров ва Жавлонбек Йўлдошев таклиф этилади.

12:42: Абдумалик Ҳалаков - 60 кггача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон Чемпиони. 

12:41: Учинчи раундда очиқ жанг ҳам кўрдик. Ким ғолиб бўлади?

12:37: Иккинчи раунд ҳам нисбатан тенг курашлар остида кечди. Ҳамон Ҳалаков ринг бўйлаб тезкор ҳаракатларни амалга оширяпти. Шунқор Абдурасулов эса вазиятларни пойлаяпти. 

12:32: Биринчи раунд жанг номига мос тарзда ўтди. Ҳалаков оёқ ҳаракатларида жуда чиройли ҳаракат қилмоқда. Ринг бўйлаб тингани йўқ. Шунқор Абдурасулов эса дастлабки раундни бироз тежамкор ўтказди. 

12:29: Марказий жанг бошланди!

12:26: Навбат 60 кггача бўлган боксчиларга. Рингга Шунқор Абдурасулов ва Абдумалик Ҳалаков таклиф қилинади.

12:17: Ҳакамларнинг якдил қарори билан Миразизбек Мирзаҳалилов ғолиб деб эълон қилинди. У 57 кггача бўлган вазнда Ўзбекистон чемпиони!

12:16: Жанг якунланди. Ҳакамлар қарорини кутамиз. 

12:12: Иккинчи раундда Хуршидбек тажрибали рақиби манзилига бир нечта кучли зарбалар йўллай олди. Учинчи раунд ҳал қилувчи мақомда ўтади. 

12:08: Миразизбек Мирзаҳалилов биринчи раундни тажриба эвазига анча яхши ўтказди. Керакли жойда тўхтай олди, керакли жойда серияли зарбалар йўллади. Хуршидбек ҳам бўш келмай, тенгма-тенг жанг олиб боришга ҳаракат қилди.

12:02: Навбат 57 кггача бўлган боксчиларга. Миразизбек Мирзаҳалилов - Хуршидбек Расулжонов баҳси бошланмоқда. 

11:56: Энг енгил вазн тоифасида аёллар ва эркаклар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати совриндорларининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтмоқда!

11:52: Жанг якунланди. Ҳакамларнинг бир овоздан чиқарган қарори эвазига Мироншоҳ Ибрагимов ғолиб деб эълон қилинди. Бухоролик боксчи 52 килограммгача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон чемпиони.

11:48: Иккинчи раундда Шаҳзод Музаффаров бироз вазиятни тенглаштирди. Сўнгги раундда барчаси ҳал бўлади. 

11:44: Биринчи раундда Мироншоҳ Ибрагимовнинг зарбаларида аниқлик кўпроқ бўлди. Мироншоҳ Ибрагимов ҳам яхши жанг олиб бораётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

11:39: Навбат 52 кггача бўлган боксчилар финалига. Қизил бурчакда Мироншоҳ Ибрагимов, кўк бурчакда эса Шаҳзод Музаффаров жанг олиб боради.

11:37: Кутилганидек Нодиржон Мирзааҳмедов - 49 кггача бўлган вазн тоифасида Ўзбекистон чемпиони!

11:36: Учинчи раунд ҳам бироз тенг курашлар билан ўтди. Ҳакамлар қарорини кутамиз.

11:32: Иккинчи раундда ҳам қизил бурчакда ҳаракат қилаётган Мирзааҳмедов рақибини ринг бўйлаб таъқиб қилиб борди. Ишжанов эса қарши зарбаларни пойлаяпти. Учинчи раундда фаолроқ ҳаракат қилмаса, ғалаба рақиб томонига ўтиб кетиши тайин.

11:29: Биринчи раунд деярли тенг кураш остида кечди. Нодиржон бироз фаолроқ ҳаракат қилгандек!

11:24: Ассалому алайкум, азиз бокс ихлосмандлари. Нодиржон Мирзааҳмедов ва Иброҳим Ишжанов дастлабки финалчилар. Улар 49 килограммгача бўлган вазн тоифасида баҳс олиб боради. Бошладик!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!