Бокс:Ўзбекистон чемпионатидаги кутилмаган натижалар... Куннинг марказий жангида ким ғалаба қозонди?

  • 5 ноябрь, 2020, 21:56
  • 0
  • Бокс

Бугун Ўзбекистон чемпионати чорак финал жанглари бўлиб ўтди. Унда аксарият фаворит боксчилар ғалаба қозонган бўлса-да, кутилмаган натижалар ҳам қайд этилди.

Жумладан, 52 кг вазн тоифасида “Ислом бирдамлик ўйинлари” ва халқаро турнирлар ғолиби Аброржон Қодиров Андижон вилояти вакили Шаҳбозбек Толибжоновга имкониятни бой бериб қўйди. Шаҳбозбекнинг ярим финалдаги рақиби эса, Ўзбекистон чемпионати кумуш медаль соҳиби Мироншоҳ Ибрагимов бўлади.

Аброр

Худди шу вазнда амалдаги Ўзбекистон чемпиони бўлган Жиззах вилояти вакили Фозил Абдумуродов  фарғоналик Содирбек Камолмирзаев билан бўлган баҳсда мағлубият аламини тотиб кўрди. Жанг ўта шиддатли бўлди ва дастлабки раунднинг ўзидаёқ кучли зарба ўтказиб юборган Абдумуродов нокдаун ҳолатига тушди.

Иккинчи раундда бироз устунликни қўлга олишга уринган Фозилжон рақибига нисбатан бир мунча кўпроқ ва аниқ зарбалар берди. Жангнинг 3-раунди давом этаётган бир паллада Содирбек яна бир маротаба рақибини нокдаунга учратиб, ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

фозил

Ярим финал баҳсларида Содирбекка ёшлар терма жамоаси вакили Шаҳзод Музаффаров рақиблик қилади. Шаҳзод чорак финалда ёшлар терма жамоаси номидан иштирок этаётган Дилшодбек Абдувалиевни мусобақадан чиқариб юборди.

Куннинг марказий жанги 75 кг вазнда бўлиб ўтди. Ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони, фарғоналик Акмалбек Қосимов ва амалдаги Ўзбекистон чемпиони, бухоролик Одилжон Аслонов ярим финал йўлланмаси учун ўзаро баҳс олиб борди. Жанг Одилжон Аслонов устунлигида ўтди ва якунда ҳакамлар қарорига кўра, Аслонов ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Унга навбатдаги босқичда Тошкент вилоятидан Наво Тамазов рақиб бўлади.

одил

Шунингдек, бошқа номдор боксчиларимиздан Нодиржон Мирзаҳмедов, Шунқор Абдурасулов, Шукуржон Раҳимов, Абдумалик Ҳалаков, Бобоусмон Ботуров, Билолбек Мирзараҳимов, Фанат Қаҳрамонов, Саиджамшид Жафаров, Лазизбек Муллажонов ўз вазн тоифасида финалга чиқиш учун жанг қиладиган бўлди.

Жалол Аҳмедов тайёрлади

  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!