“Борнмут” 60 йил ишлаган ходимни бўшатиб балога қолди
Англия Премьер-лигасининг “Борнмут” клуби кичик можаро марказида қолди. Бу ҳақда Bournemouth Echo нашри хабар берди.
Клуб ўйинларида қарийб 60 йил ишлаган ходимга янги мавсум бошланишига атиги икки ҳафта қолганда шартномаси узайтирилмаслиги ҳақида электрон почта орқали хабар берилган.
У узоқ йиллар давомида ўйин кунларида турли вазифаларни бажариб келган, яъни учрашувларга оид дастурчалар сотган, автотураргоҳда ишлаган ва бошқа ташкилий масалаларда ёрдам берган.
Хабарда “Борнмут” операцион талабларни қайта кўриб чиққач, 2026/2027 йилги мавсум учун шартномани узайтирмасликка қарор қилгани айтилган. Хат ходимнинг номига шахсан йўлланмаган ва “Хавфсизлик жамоаси” номи билан имзоланган.
Ушбу маълумотнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлди. Шундан кейин “Борнмут” расмий баёнот бериб, ходимлар билан бундай тарзда мулоқот қилиш клуб стандартларига мос келмаганини тан олди. Клуб жабрланган ходим билан шахсан боғланиб, юз берган воқеани муҳокама қилишга ваъда берди.

Фикрлар