"Бўш ўйнадик" - "Андижон" устози йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг жиддий гапларни айтди

“Андижон” клуби Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Бунёдкор”ни қабул қилиб ўз дарвозасидан жавобсиз 3 та гол ўтказиб юборди ва кетма-кет иккинчи мағлубиятини тан олди. “Андижон” бош мураббийи Александр Хомяков мазкур мағлубият хусусида атрофлича гапирди.

"Ижобий натижа кўрсатишга ҳаракат қилдик. Аммо, афсуски ҳаммаси ўхшамади. Ўйлаган режаларимиз амалга ошмагани учун асабларимизни ҳам жиловлай олмай қолдик. Якунда мағлубиятимизга сабаб бўлди, деб ўйлайман. Ўзимизнинг зўр томонларимизни кўрсатишни хоҳлагандик. Тўғри, йўл босиб келган мухлисларимизни ғалаба билан қувонтиришни ният қилгандик. Лекин яна такрорлайман: режаларимиз амалга ошмагани асабийлашишимизга сабаб бўлди. Ҳужумдаги ишларимиз ҳам кўнгилдагидек чиқмади. Ҳужумда тажовузкор бўлишга ҳаракат қилдик. Лекин аксига олиб бир қанча ўйинчиларимизнинг айрим сабабларга кўра майдонга туша олмагани бизга панд берди. Ўйинни назорат қила олмадик. Суперлигадаги баҳсларда қатнашиш борасида қатор футболчиларимизда тажрибанинг камлиги ҳам мағлубиятимизга сабаб бўлди, деб ҳисоблайман. Айтишим керакки, ҳимоядан ҳужумга ўтишда жуда бўш ўйин кўрсатдик. Айнан шу жиҳат ҳам рақибга қўл келди. Менинг назаримда бизга ҳаммасидан ҳам кўра маҳорат етишмади. Айнан тажрибанинг камлиги учрашув тақдирини ҳал қилишда асосий ролни ўйнади. Шу сабабдан ҳам учрашувда қайд этилган натижани ҳаққоний деб ҳисоблайман. Тўғри, биринчи голдан сўнг ўзимизни тиклашга ва янада очилиб ўйнашга ҳаракат қилдик. Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳужумдаги ишларимиз сира қовушмади. Албатта, бундай натижани кутмагандим. Бунинг учун мухлисларимиздан узр сўрайман.

хомяков15

Тўғри, бир вазиятда Шаҳбоз Эркинов бош билан тўпга яхши зарба берганди. Лекин бу гол бўлиши учун етарли бўлгани йўқ. Қаторасига икки ўйинда рақиблар дарвозасига гол ура олмаётганимиз ҳам йигитларимизнинг ўйинига таъсир ўтказмасдан қолмаяпти. Биз узун паслар ёрдамида ўйнашга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бу кутилган даражада бизга фойда келтираётгани йўқ. Учрашувнинг кўп жабҳасида “Бунёдкор”га имкониятни бой берганимизни айтиб ўтишим керак. Улар қарши ҳужумга тез ўтишиб, бизни анча шошириб қўйишди. Мен рақибнинг ғалабасини ҳаққоний деб биламан. Чунки рақибдан фарқли равишда биз ўйин давомида сусткашлик билан ҳаракат қилдик. Ҳимоядан ҳужумга ўтишда ва ҳужумдан ҳимояга қайтишда жуда бўш ҳаракатландик. Бир сўз билан айтганда, бугун рақибга қарши ҳеч нарсани қўя олмадик.

Бироз бошқача футбол намойиш этишни истагандик. Бугун номинал мезбон сифатида тўп сурганимиз боис икки ҳужумчи билан ўйнадик. Аммо юқорида айтиб ўтган сабабларга кўра, ўйинимиз сира қовушгани йўқ. Ҳа, Соҳибжонов ўйинга ёмон қўшилмади, буни тан олишим керак. Бироқ 0:3 ҳисобида имкониятни бой бераётганимиз боис вазиятни ўнглаш учун бизда деярли хавфли ҳолатлар юзага келгани йўқ. Тўпни кўпроқ қанотлардан оширишга ҳаракат қилдик. Аммо бу ҳам кўзланган даражада фойда келтирмади.

хомяков янги1_1

Кейинги учрашувдаги рақиб – “Олимпик” ҳам анча тезкор ўйин намойиш этади. Албатта, имкониятдан келиб чиққан ҳолда таркибда ротация бўлиши тайин. Лекин бунинг учун бугунги беллашувни обдон таҳлил қилиб чиқишимиз керак бўлади. Биз бугун чиндан ҳам бўш ўйнадик. Ушбу баҳс ўйинимиздаги камчиликларни яққол кўрсатиб берди, деб ҳисоблайман. “Олимпик” жамоасига қарши учрашувга тайёргарлик кўриш аносида бугунги ўйиндаги камчиликларимизни чуқур таҳлил қилиб чиқишимиз ва навбатдаги учрашувда хатоларга йўл қўймасликка интилишимиз керак. Энди бироз қисқа танаффусга йўл оляпмиз ва ҳаммасини ўйлаб олиш учун бизда имконият ҳамда вақт етарли.

“Бунёдкор” ва “Нефтчи” клублари ҳақида ижобий фикрларни билдиришим мумкин. “Нефтчи” ҳам муносиб жамоа. “Бунёдкор”нинг устунлиги шундаки, унда 3-4 нафар тезкор футболчилари бор. Шунинг эвазига бу клуб рақибларини шошириб қўя олади. Суперлига даражасими? Сўзим бошида айтганимдек, таркибимиздаги бир қатор футболчиларимизга Суперлига учрашувларида майдонга тушиш борасида тажриба етишмаслиги ҳам панд бериб қўймоқда. Табиийки, бунинг сабаби про лига билан Суперлига ўртасидаги даражада. Суперлига ўз номи билан Суперлигадир. Унда рақиблар анча илдам ҳаракат қилишади. Ўзингиз кўрдингиз, бугун ҳужумларимизни анча секинлик билан амалга оширдик. Энди бу жиҳатга барҳам беришимиз керак", - деди Хомяков.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
19/03/2023 05:02
Барча хатони легионерлар к,иляпди у'тмай к,олган сифатсиз легионерларни йу'к,отиш керак