Бошкович ва унинг жамоаси қандай қилиб ғалабани қўлдан чиқарди?

Суперлиганинг 19-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” ҳамда “Андижон” жамоалари иштирокидаги учрашув кутилганидек жуда шиддатли тарзда кечди. Ўйинда иккала жамоа ҳам майдонга фақат ғалабани кўзлаб тушганди. Айниқса, “Андижон” жамоаси мухлисларини хурсанд қилиш мақсадида бор эътиборини фақат ғалабага қаратган. Лекин унутмаслик керакки, рақиб анча жиддий бўлиб, мусобақа жадвалида кучли учликда бораётганди.

Учрашув мезбонларнинг назорати остида бошланди ва шунинг фонида мезбонлар бўлим ўрталарида ҳисобни очишга ҳам эришдилар. Люпче Дориевнинг қанотдан узатган тўпини Самандар Мавлонқулов боши билан дарвозага киритди. Шундан кейин “Андижон” ўйин суратини тенглаштирди. Танаффусга 1:1 ҳисобида чиқиб кетиш имконияти туғилганди. Қанотдан жарима майдони ичига узатилган пасни Абдураҳмон Комилов яқин масофадан дарвозага йўллади, бироқ охирги лаҳзада мезбон ҳимоячиси тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Иккинчи бўлимда “Андижон” ўйинини янада кучайтирди. Энди Милан Митрович дарвозаси олдида хавфли вазиятлар сони орта бошлади. Ана шундай ҳужумларнинг бирида Рустам Турдимуродов ўзи учун яратилган имкониятдан фойдаланиб қолди. У бир нечта рақиб ўйинчиларини ортда қолдириб, ўзининг аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди.

Албатта, беллашув мобайнида “Андижон” дарвозабони Элдор Адҳамов бир неча бор сейвларини намойиш қилиб, жамоасини голлардан сақлаб қолди. Чунки “Сўғдиёна” ҳам имкониятларга эга бўлди. Аммо “Андижон” қарши ҳужумларда янада қулай вазиятларга эга чиққанини таъкидлаш лозим. Захирадан майдонга тушган Леван Арвеладзе қўшимча дақиқаларда кетма-кет икки марта жуда қулай вазиятга эга бўлди. Аввалига унинг зарбасини дарвозабон аранг қайтарди ва тўп тўсинга тегиб майдонни тарк этди. Иккинчисида эса яна дарвозабон маҳорат кўрсатиб, қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. “Андижон” сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо бироз омад етишмади.

Умуман олганда, “Бургутлар” мезбонларга қарши мардонавор кураш олиб борди. Майдоннинг ҳар бир қарич ерида қаттиқ кураш кечди. Хомяков жамоаси характер кўрсата олди. Энди 25 сентябрь куни “Андижон” “Бобур арена”да водий дербиси доирасида “Нефтчи”ни қабул қилади.

“Сўғдиёна” – “Андижон” – 1:1 (1:0).

20 сентябрь. Жиззах. “Сўғдиёна” стадиони. 4028 томошабин.

Ҳакамлар: Аҳрол Рисқуллаев, Акмал Ғиёсов, Авазбек Абдуллаев

Захира ҳаками: Жаҳонгир Норалиев

ВАР: Аскер Нажафалиев

АВАР: Зилола Раҳматова

Назоратчи: Бахтиёр Тоғаев

Комиссар: Ойбек Юнусов

“Сўғдиёна”: Милан Митрович, Ислом Қобилов, Отабек Ахадов, Алишер Салимов, Владимир Йовович, Суҳроб Иззатов (Сардор Ҳошимов, 90+5), Олег Зотеев, Нодир Сойибов, Станислав Андреев (Умид Султонов, 72), Люпче Дориев, Самандар Мавлонқулов.

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Илдар Маматказин, Владимир Бубанья, Абдулвоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов, Сардор Азимов, Муҳаммадкарим Тоиров, Фарҳод Бекмуратов, Илҳом Абдуғаниев (Шахром Самиев, 78), Фарҳод Соҳибжонов (Бектемир Абдуманнонов, 90+5), Рустам Турдимуродов (Леван Арвеладзе, 90+5).

Голлар: Самандар Мавлонқулов, 24 – 1:0. Рустам Турдимуродов, 55 – 1:1.

Огоҳлантиришлар: Отабек Ахадов, 73 – Сардор Азимов, 67. Абдураҳмон Комилов, 82.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!