Шомуродов мундиалдаги омадсизлик сабабларини келтириб ташлади
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиалдаги иштироки кутилганидек чиқмади. Фуутболчиларимиз гуруҳ босқичидаги барча учрашувларда имкониятни бой берди ва турнирни эрта якунлади.
Sports.uz портали Элдор Шомуродовнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштироки бўйича журналистларга берган интервьюсини ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
— Элдор, голингиз ҳақида гапириб беринг. Бу зарба қандай чиқди?
— Гол чиройли бўлди, лекин у бизга ёрдам бермади. Бу чемпионатда жуда катта тажриба орттирдик. Афсуски, ҳеч бўлмаса битта ўйинда ҳам ғалаба қозона олмадик. Ҳаёт давом этади. Энди нималар устида ишлаш кераклигини яхши биламиз.
— Ҳозир ички ҳиссиётларингиз қандай?
— Буни сўз билан тушунтириш қийин. Жаҳон чемпионатида қатнашдик, лекин барибир янада яхшироқ ўйнасак бўларди, деган ҳис бор.
— Терма жамоага нима етишмади?
— Биргина омилни айта олмайман. Жуда кўп нарса етишмади. Бу ерда мутлақо бошқа даража. Бошқалардан фақат битта жиҳатда яхши бўлиш етарли эмас, ҳамма томонлама кучли бўлиш керак. Шунинг учун барча жиҳатларимизни яхшилашимиз лозим.
— Биринчи дақиқада ҳам гол урган эдингиз, лекин ўйиндан ташқари ҳолат сабаб бекор қилинди. Биринчи бўлимдан кейин нима ўзгарди?
— Иккинчи бўлимда рақибга ҳам ғалаба жуда зарур эди ва улар фаол ҳужум қила бошлади. Биз эса тўпни яхшироқ ушлаб туришимиз керак эди. Агар прессинг яхши бўлиб, тўп билан яхши ҳаракат қилмасангиз, рақиб албатта жазолайди.
Бу ҳам тажриба, ҳам бошқа суръатда ўйнайдиган футболчиларга қарши ҳаракат қилиш билан боғлиқ. Биз ҳали кўп нарсани ўрганишимиз керак.
— Африка жамоалари Осиё жамоаларига қараганда муваффақиятлироқ иштирок этмоқда. Улар кучлироқми?
— Йўқ. Улар асосан жисмоний томондан кучли. Европада ўйнаганлар яхши билади: у ерда африкаликлар нафақат жисмоний, балки техника ва маҳорат жиҳатидан ҳам юқори даражада. Шунинг учун ҳатто ўн киши бўлиб ҳимояланганларида ҳам уларга гол уриш жуда қийин.
— Жамоа сиз кутгандан ҳам ёмонроқ ўйнадими?
— Тахминан кутилган даражада. Жаҳон чемпионатига келганда, Колумбия ёки Португалия каби жамоаларга қарши нимадир қила оламиз, деган ишонч бўлади. Лекин майдонда ҳаммаси бошқача. Бу бошқа даража.
Биз қўлимиздан келганини қилдик. Бу биз учун катта тажриба бўлди. Ўйлайманки, Ўзбекистон футболи ҳам бундан ютди. Чунки иқтидорли ёш футболчиларимизга Европа клублари эътибор қарата бошлади ва энди янада кўпроқ ўзбекистонлик футболчилар Европага йўл олиши мумкин.
Шомуродов Каннаваро ҳақида кутилмаган фикр билдирди!
Шомуродов мундиалдаги омадсизлик сабабларини келтириб ташлади
Супергол урган Шомуродов ўйиндан кейин ўткир гапирди

Фикрлар