Бошланиши чакки эмас! "Ал-Ҳилол"га қарши ўйин, рақибнинг кучи ва қайд этилган дуранг ҳақида АГМК футболчиси нима дейди?

АГМК клуби илк бор Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиққан ҳолда биринчи учрашувини ҳам ўтказди. Кўрган бўлсангиз, вакилларимиз Осиёнинг етакчиларидан бири – “Ал-Ҳилол”га қарши тўп суришди.

Мезбонларга қарши баҳс олдидан тўғриси, бизда бироз хавотир йўқ эмасди. Ҳар ҳолда рақиб жиддий, АГМК эса илк бор бу турнирда қатнашаётганди. Аммо Миржалол Қосимов жамоаси кучли рақибига муносиб қаршилик кўрсата олди. Қайд этилган 2:2 ҳисоби шуни кўрсатиб турибдики, АГМК бежизга гуруҳ босқичига чиқмаган.

“Ал-Ҳилол”дек рақиб билан ўйиндаги дуранг натижа ёмон эмас-а? Биз учрашувдан кейин АГМКнинг ишончли ҳимоячиларидан бири Бобур Йўлдошев билан алоқага чиқдик.

- Аввало, ўйин ҳақида сўрамоқчиман. “Ал-“Ҳилол”га қарши учрашув қандай таассурот қолдирди?

- Беллашув ҳақида нима дердим? Бу ўйин яхши ва қийин бўлишини билардик. “Ал-Ҳилол” ҳам ўзига яраша Осиёдаги энг кучли клублардан бири. Ўйиндан олдин бизда қўрқув бўлмади, яхши тайёрлангандик. Аллоҳга таваккал қилиб чиққандик. Мана, ҳаракатимизга яраша натижага эришдик, деб ўйлайман. Ҳа, ютсак ҳам бўларди...

- Қайд этилган дуранг қониқарли натижами, нима деб ўйлайсиз?

- Менимча, бу натижа ёмон эмас. Бир очко ҳам гуруҳда ҳали керак бўлиб қолади. Ҳозир айтдим, биз ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Ҳисоб 2:2 бўлганидан кейин жамоамизда ҳам етарлича имкониятлар бўлди, деб ўйлайман.

агмк1_2

- Ўйиндан аввал рақибни қанчалик ўрганиб чиққангдинглар? Учрашув мобайнида мезбонлар сизлар ўйлагандек қаршилик кўрсатдими?

- Ҳа, учрашувдан олдин рақибни ўргандик, “Ал-Ҳилол”нинг қандай кучга эгалигини ҳам, қандай ўйнашини ҳам билардик. Қолаверса, рақиб ўз уйида ўйнади. Ўзим ҳам бу учрашув осон бўлмаслигини тахмин қилгандим. Кўрган бўлсангиз, дастлабки 15 дақиқача биз яхши ҳаракат қилдик. Ўтказиб юборилган голдан кейин “Ал-Ҳилол” ўйинига анча қўшди. Афсуски, кейин дарвозамиздан иккита гол ўтказиб юбордик. Биринчи таймдан кейин мураббий бизга керакли кўрсатмаларни берди. Йигитлар билан гаплашдик ва ўзимизга ишонишимиз кераклигини англадик. Иккинчи таймда курашдик ва ўйлайманки, ёмон натижага эришмадик.

- Сизнингча, дурангни ғалабага тенглаштирса бўладими?

- Ғалабага уч очко, дурангга бир очко берилади. Иштаҳа овқат пайтида келади деганларидек, ютсак янада яхши бўларди. Бунинг учун бизда имкониятлар ҳам бўлди. Лекин юқорида таъкидлаганимдек, дуранг ҳам ёмон натижа эмас. Навбатдаги баҳсларда ғалаба қозониб, ўзимизга керакли очколарни тўплашга ҳаракат қиламиз.

- Умуман олганда, “Ал-Ҳилол”даги қайси футболчи шахсан сизга катта хавф туғдирди?

- “Ал-Ҳилол”даги қайсидир футболчи хавф туғдирди, демаган бўлардим. Барчаси асосан жамоавий ўйин кўрсатишди. Албатта, уларда яхши савиядаги легионерлар борлигидан хабардор эдик. Масалан, ўша Гомисни ҳам ўргангандик. Лекин умумий ҳолатда ўйин ёмон кечмади. “Ал-Ҳилол” билан Саудияда дуранг қайд этиш чакки эмас.

агмкккк

- Фаолиятингиз мобайнида жуда кўплаб учрашувларда қатнашгансиз. Сизга қарши тўп сурган жамоалар орасида “Ал-Ҳилол” энг кучлисими?

- “Локомотив” таркибида ўйнаб юрган пайтларимда ҳам “Ал-Ҳилол”ни кўрганман. Ўша айтганимдек, бу Осиёнинг энг номдор жамоалардан биттаси.

- Ўйинларнинг марказлашган ҳолда Саудияда ўтказилаётгани жамоага қандай таъсир кўрсатяпти? Ноқулайлик жиҳатлари йўқми?

- Ноқулайликлар йўқ. Худога шукр, ҳаммаси жойида. Шароитлар яхши. Саудияда марказлашган ҳолда ўтиши аниқ эди. Шунинг учун қандайдир бунинг ноқулайлик тарафлари бор деб ўйламаган бўлардим. Тўғри, бу ердаги об-ҳаво бизга қараганда бошқачароқ. Лекин бу ерга келганимизга беш кунча бўлди, биринчи ўйинни ҳам ўтказдик. Мослашиш жараёнидан ўтиб бўлдик, деб ўйлайман. Умид қиламанки, кейинги ўйинларда ҳам ҳаммаси яхши бўлади.

- АГМКнинг асосий вазифаси нима?

- Гуруҳдан чиқиш. У ёғини вақт кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!