"Бошқа таклифларни кўриб кейин танловни амалга оширамиз" - легионеримиз клубини ўзгартирадими?

Хабарингиз бўлса керак, бу йил бир қатор ўзбек ўйинчилари легионерга айланишди. Кимдир ўйнаб кетди, яна кимдир турли муаммоларга учради ёки жароҳат деганларидек.

Биз имкон қадар сайтимиз орқали хориждаги футболчиларимизнинг фаолиятларини ёритиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки ҳеч бир ўзбекистонлик ўйинчининг четдаги тақдири бизни ҳам, сизни ҳам бефарқ қолдирмайди.

Ёдингизда бўлса, ёзда андижонлик футболчи Дониёр Абдуманнопов Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасига кўчиб ўтганди. Фаолиятида илк бор легионер мақомига эга бўлган истеъдодли ярим ҳимоячи клубини ўзгартириш орқали олдига қўйган мақсади сари одимлаётганини айтганди. Лекин доим ҳам ўйлаганлари амалга ошавермайди. Буни Абдуманнопов мисолида кўрдик.

“Андижон”ни тарк этиб, “Энергетик-БГУ” сафига қўшилганидан кейин дастлабки ўйинларда майдонга тушганини кўрдик. Бироқ кейинчалик жароҳат футболчимизни безовта қила бошлади. Ўша клубда ўйнаётган бошқа ҳамюртларимиз – Шаҳзод Убайдуллаев ва Бобур Абдухолиқовдан фарқли ўлароқ, Дониёрнинг жамоада ўз ўрнига эга бўлишига ўша жароҳат халақит қилди.

абдуманнопов

Дониёр сафдан чиққанидан кейин даволаниш учун Андижонга қайтгани ҳақида илгари хабар бергандик.Ўшанда футболчи тез орада клубга қайтишини таъкидлаб ўтганди. Аммо кейин билсак, Абдуманнопов Беларусга қайтиб бормаган. Бундан чиқди, ҳамюртимиз “Энергетик-БГУ”дан кетадими? Унга қандай таклифлар бор? Бу борада футболчи шундай деди:

“Ҳозир жароҳатимдан тикландим. Энди спорт формамни қайтариш ҳаракатидаман. Кўрамиз, “Энергетик” клуби элитада қоладими, режалари қандай? Олдимиздаги бошқа таклифларни кўриб, кейин танловни амалга оширамиз.

Тўғриси, ҳозирги кунда таклифлар билан қизиққаним йўқ. Барчаси билан агентим шуғулланяпти. Мен фақат чемпионатга ҳар томонлама тайёр бўлиш устида ишлаяпман”.

абдуманнопов3

Кўринишидан легионеримиз жамоасини ўзгартириши эҳтимол. Ёдингизда бўлса, у “Андижон”дан кетаётиб маҳаллий мухлислар билан жуда илиқ хайрлашганди. Беларусга эса катта мақсадлар билан келгани эсимизда. Балки Дониёр “Энергетик-БГУ”га ўтиб хато қилдими? Бунга футболчи нима дейди?

“Йўқ, мен бундай дея олмайман. Биласизми, у ерда кўп нарса ўргандим. Ўзим учун керакли хулосаларни чиқардим. Европа футболи ҳавосини оз бўлса-да, ҳис қилдим”.

Ҳа, у четда маълум вақт ўйнаб, ўзига яраша тушунчаларга эга бўлди. Умуман айтганда, яна легионер сифатида ўйнашга ўзини тайёр, деб ҳисоблайдими ёки бунга бироз эртамикин?

абдуманнопов2

- Йўқ, эрта эмас. Айни пайтда ҳар қандай қийинчиликни кўтаришга тайёр ёш ва формадаман. Хорижда тўп суриш учун жисмоний тайёргарликка кўпроқ эътибор бериш лозим экан. Беларусда ҳам жисмоний тайёргарлик биздагидан кўра анчайин яхшироқ экан. Шу билан бирга тил билиш ҳам муҳим, - деди Дониёр Абдуманнопов.

Шунингдек, у собиқ жамоаси – “Андижон”ни ўйинларини ҳам кузатиб турди ва табиийки, “бургутлар”га бефарқ эмасди. Аммо клубини Суперлигадан тушиб кетгани ишқибозлари қатори Абдуманноповни ҳам хафа қилган бўлса ажаб эмас. Футболчи собиқ клубини нима сабабдан Суперлигани тарк этгани тўғрисида гапирди.

- “Андижон” клубидан кетган бўлсам-да, мен доим бу жамоанинг ашаддий мухлиси бўлиб қолганман. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Табиийки, мен ҳам “Андижон”нинг Суперлигада жон сақлаб қолишини жуда-жуда хоҳлагандим. Аммо клубга шунчаки омад етишмади. Эътибор берсак, кўплаб учрашувларда охирги дақиқаларда йўқотилган очколар қимматга тушди.

абдуманнопов4

Мухлислар орасида Дониёр Абдуманнопов бўлганида албатта жамоага ёрдам берган бўларди, ҳатто клуб тушиб кетмасди, деганлар ҳам бўляпти. Чунки у “Андижон”да ўзини кўрсатиб, етакчилардан бирига айланиб улгурганди.

“Бу саволга қандай жавоб беришга ҳам ҳайронман. Қўлимдан келганича жамоани сақлаб қолиш учун ҳаракат қилган бўлардим. Аммо тақдир шу экан, биз бандамиз, - деди футболчи.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!