"Босимни кўтара олдик" ёхуд "Локомотив" ҳимоячиси Қирғизистон - КХДР учрашувининг энг яхши футболчиси!

Кеча “ЖЧ-2026” 3-саралаш босқичи доирасида Қирғизистон терма жамоаси Бишкекда КХДРни қабул қилди. Ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг ушбу босқичига етиб келган қирғизистонликлар дастлабки ғалабасини тантана қилдилар. Ягона гол Қирғизистон терма жамоасига тарихий ғалабани тақдим этди. Натижада Ўзбекистон билан Эрон пешқадамлик қилаётган гуруҳда ён қўшнимиз охирги поғонадан 5-ўринга кўтарилиб олди.

Қирғизистоннинг КХДРга қарши ўйинидан кейин мезбонлар бош мураббийи Максим Лисицин шундай деди:

“КХДР терма жамоаси ижросида етарлича мураккаб прессингли ҳамда босимли футбол кўрдик. Биз ягона голимизни стандартдан уришга муваффақ бўлдик. Бу эса ўйиннинг кейинги боришига таъсир қилди. Биз натижадан қониқдик. Кейинги ўйинларга тайёргарлигимизни режа бўйича давом эттирамиз”.

Шунингдек, Қирғизистон терма жамоаси таркибида Суперлигамизда тўп суриб, мухлисларимизга яхши таниш бўлган футболчилар ҳам фаолият олиб бормоқдалар. КХДРга қарши беллашувда қирғизистонликларнинг тажрибали ҳимоячиси ва жамоа сардори Валерий Кичин учрашувнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди.

Биласиз, Кичин бугунги кунда Тошкентнинг “Локомотив”  клубида ҳам ўйнаб келмоқда. “Темирйўлчилар” аъзоси КХДРга қарши баҳсда чиндан ҳам ажойиб ўйин намойиш этди. Унинг бошчилигида ҳимояда ишончли ўйин кўрсатишди. Энг яхши ўйинчига айланган Кичин эса қуйидагича фикр билдирди:

“Жуда мураккаб ўйин бўлди. Рақиб курашувчан. Шунинг учун ҳам майдоннинг ҳар бир қарич ери учун қақшатгич кураш борди. Аммо биз босимни кўтара олдик ва уларнинг заиф жойларини топишга ҳаракат қилдик. Турнир жадвалидаги ўрнимизни яхши тушуниб тургандик. Энг асосийси, мухлисларимизни хурсанд қила олдик”.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Qaxramonjon
16/10/2024 16:21
Молодьцы ребята так держать