"Босимсиз ўйин бўлмаяпти, Суперлига даражасидаги баҳсга айланиб кетди, менга бошқача ваъдалар берилганди, лекин..." ёхуд "Турон" футболчиси яна нималарни айтди?
Про лигада қатнашаётган “Турон” жамоаси навбатдаги тур доирасида ўз уйида “Андижон”га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйганидан хабарингиз бор.
“Турон” бу йил таркибига бир қатор Суперлигада ўйнаган ўйинчиларни қўшиб олганини биласиз. Жумладан, истеъдодли ҳимоячи Хушнуд Авилов ҳам жорий мавсумдан бошлаб “Турон” шарафини ҳимоя қиляпти.
Куни кеча ушбу ҳимоячи Sports.uz мухбирининг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.
- “Турон” ўз уйида муҳим учрашувда “Андижон”га ютқазиб қўйди. Дастлаб ушбу учрашув ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
- Дерби ўз номи билан дербига хос бўлди. Ўйин шиддатли кечди. Аммо омад “Андижон” тарафида бўлди. Стадиондаги муҳит ҳам ажойиб эди. Бу худди Суперлига даражасидаги ўйинга айланиб кетди. Олти очколик ўйин эди, бизга омад етишмади. “Андижон”ни ғалаба билан табриклаймиз. Ким кучли бўлса, ўша ютади.
- Жамоа охирги сонияда иккинчи голни ўтказиб юборди. Ўша ҳолатда “Турон”га нима бўлганди?
- “Андижон”ни ўрганиб чиққанимизда стандартлари хавфли эканини кўргандик. 3-4 кун мобайнида рақиб жамоанинг ўйинларини таҳлил қилдик. Аммо охирги дақиқаларда бизга диққат-эътибор етишмади ва шунинг учун гол ўтказиб юбордик. Боя айтганимдек, омад “Андижон” клуби тарафида бўлди.
- “Турон” иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Жамоанинг иштироки натижаларига мос деб айта оласизми?
- Про лигада кучли ёки кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Масалан, пастки поғоналардаги жамоа ҳам юқоридаги клубни ютиб қўйиши мумкин. Ҳозирги ҳолатда қайсидир жамоада катта устунлик бор, деб айта олмайман. Мавсум яқинда бошланди, ҳали узоқ давом этади. Бошида учта ўйинда учта ютдик ва ишончимиз ортди. “Бухоро” билан учрашувда нимагадир ўйинимиз қовушмади. Шундан кейин ютқазишни бошладик. Аммо юқори ўринлардаги жамоаларнинг очколари ўртасида катта фарқ йўқ. “Машъал”, “Андижон”, “Бухоро” каби жамоаларнинг олдида ҳам жиддий учрашувлар турибди. Мисол учун “Арал”ни бориб ютиб келамиз, дея олдиндан айтиш амримаҳол. Биринчи даврадан сўнг, кимнинг қандайлиги билинади. Нафақат “Турон”, балки барча жамоалар учун ҳам учрашувлар қийин ўтяпти.
- Про лиганинг савияси анча ўсганми?
- 2019 йили “Андижон” сафида тўп суриб жамоани Суперлигага олиб чиққандик. Лекин ўшанда бу даражада кучли бўлмаган. Жиддий қийналмаганмиз. Яқин таъқибчимиздан 6 очкога ўтиб кетгандик. Ўйинга чиққанимизда бугунгидек босим бўлмаган. Ҳозир эса ҳар бир учрашувда босим бор. Босимсиз ўйин бўлмаяпти. Интрига анча кучли. Суперлигадан фақатгина бироз пастроқ холос. Агар про лига клублари элита вакиллари билан ўйнаса ютиб қўйиши ҳам мумкин. Мана, Ўзбекистон Кубогида про лиганинг 4 та клуби кейинги босқичга чиқди. Шунинг учун про лиганинг савиясини юқори даражада, деб ўйлайман.
- Бу йил “Турон”га қўшилдингиз. Бу қарорга келишингиз нима билан боғлиқ?
- “Турон”дан аввал ҳам олдимда 3-4 та вариантлар бўлди. Аммо менга “Турон” раҳбари қўнғироқ қилиб мақсадлари жиддийлигини айтди. Келаси йилга ҳам бу клубнинг вазифаси анча кучли. Натижада ушбу жамоа билан шартнома туздим.
- Ўтган йили “Навбаҳор”да тўп сурдингиз, аммо ўзингиз кутгандек кечмади. Нима деб ўйлайсиз, бу фаолиятингиздаги энг омадсизими?
- Унчалик омадсиз ҳам, деб бўлмайди. Ҳамма ҳам хато қилади. “Навбаҳор”га келишимдан аввал бошқача ваъдалар берилган. Лекин ҳеч қайсинисини кўрмадим. Ростдан айтаманки, у ерда менинг ярим пулим қолиб кетди. Лекин ҳеч қаерга клуб устидан шикоят қилиб ёзмадим. Қайтанга, жамоадан розиман деб ёзиб бердим ва кетдим. Раҳбарият ўзи билади, ҳаммасини. Улар билан дўстона хайрлашдик. Афсуски, жамоада ўйин амалиёти кам бўлди.
Фикрлар