Бўстонлиқда илк маротаба “FEI Jumping Children`s Classic Final” мусобақаси ўтказилади
Жорий йилнинг 17-21 апрель кунлари юртимизда от спорти бўйича “FEI Jumping Children`s Classic Final” халқаро болалар кубоги финал босқичи бўлиб ўтади, дея хабар бермоқада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг матбуот хизмати.
Мусобақа от спорти бўйича 15 ёшгача бўлган чавандозлар ўртасида ўтказиладиган энг нуфузли турнирлардан бири ҳисобланиб, ушбу спорт тури бўйича бундай савиядаги мусобақа Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилмоқда.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Аллюр” от спорт базасида ўтказилаётган мусобақага Германия, Бразилия, Ирландия, Аргентина, Мексика, Янги Зеландия, Жанубий Африка каби дунёнинг 12 давлатидан ҳакамлар, ёш спортчилар ва меҳмонлар жами 80 нафарга яқин хорижликлар ташриф буюришади.
Ҳакамлар ҳайъатига франциялик Патрис Альвадо раҳбарлик қилади.
Мусобақа қоидаларига кўра мезбон давлатдан 4 нафар ва ҳар бир мамлакатдан олтин тур натижаларига кўра, ўз "FEI" гуруҳида энг яхши 10 таликка кира олган спортчилардан 2 нафарининг иштирок этишига рухсат этилади. Шундай қилиб, ғалаба учун 12-14 ёшдаги 20 нафар ёш чавандозлар баҳсга киришадилар.
Сўнги пайтларда юртимизда от спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва шу каби нуфузли турнирларга мезбонлик қилиш – ёш чавандозларимиз маҳоратини оширишга, элитага кириш имконияти, яхши имидж, обрў, инвестиция ва туристик жиҳатдан жозибадорликни яратишга хизмат қилади.
Фикрлар