Бразилия терма жамоаси ўйинчилари майдон сифатига норози бўлди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Бразилия терма жамоаси футболчилари АҚШнинг Нью-Джерси штатида жойлашган Ист-Ратерфорд шаҳридаги "Метлайф" стадиони майдони ҳолатидан норозилик билдирди. У ерда улар Марокаш терма жамоасига қарши жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасидаги учрашувни ўтказиб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Футболчилар фикрларини бразилиялик UOL медиакомпанияси келтирган.

"Ҳарорат доим юқори, шунинг учун майдондаги ўт жуда тез қуриб қоляпти, ўйин суръати пасаяди. Биз ритмга киролмаймиз, бу эса бизга қийинчилик туғдиради. Чунки биз ҳужумкор ўйнашни, тўпни бир қанотдан иккинчисига тез етказишни истаймиз, майдон эса бунга халақит бераяпти. Лекин мослашишимизга тўғри келади, деб ўйлайман, бутун турнир давомида шундай бўлади, барча жамоалар учун майдонлар бир хил. Шунинг учун ўрганамиз, ривожланамиз ва катта ғалабаларга эришамиз", — деди Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Винисиус.

Ярим ҳимоячи Бруно Гимарайнш ҳам майдон жуда қуруқ бўлганини, бу эса ўйин бошида жамоа ҳаракатига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бразилияликлар шарт-шароитга мослашаётганда тўп узатишда кўп хатоларга йўл қўйган, бироқ у бу ҳолат натижа учун баҳона бўлмаслиги кераклигини қайд этди. Ҳужумчи Игор Тиаго эса жаҳон чемпионатида енгил ўйин бўлмаслигини айтди. У майдон жамоага ёрдам бермаганини тан олди, аммо "бундай шароитларга мослашиш керак"лигини урғулади.

АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида ўтаётган жаҳон чемпионати 19 июлда якунланади. Бу сафар мусобақада илк бор 48 та терма жамоа иштирок этмоқда. Кейинги турда Бразилия терма жамоаси 20 июнга ўтар кечаси Гаити жамоасига қарши майдонга тушади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!