Британиялик эксперт Дўсматовнинг ғалабасини қандай баҳолади? Бу фикрга қўшиласизми?

Париж Олимпиадаси дастуридан ўрин олган боксчи мусобақаларининг энг кескин ва муросасиз жангларидан бири 51 килограмм вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов ва Сакен Бибоссинов ўртасида бўлди.

Ярим финал йўлланмаси учун кечган бокс “эл-классико”си жаҳон ва олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг қийин ғалабаси билан якунланди. Бокс оламининг таниқли экспертлари бу жангни таҳлил қилишда давом этмоқда.

Британиялик бокс мутахассиси Тейлор О’Хиггинс ана шу баҳсни таҳлил қилиб берди.

- Олимпиаданинг энг зўр жангларидан бирида Ҳасанбой Дўсматов 2021 йилги жаҳон чемпиони ва Токио Олимпиадаси совриндори Саен Бибоссиновни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу баҳсда ҳар икки жангчи аъло даражада ҳаракат қилди, уларнинг савияси Парижда кўрган бошқа боксчилардан юқори экани намоён бўлди.

Дастлабки икки раунд бир-бирига ўхшаш бўлди. Бибоссинов Дўсматовнинг зарбаларини қайтаришга уринди. Лекин ўзбек боксчиси қарши ҳужумларда муваффақиятга эришди, у чап қўлда жеб зарбаларини аниқ йўллади, шунингдек ўнг қўлдаги хуклари ҳам рақибгача етиб борди.

Мен бирини раундни қозоқ боксчисига, иккинчисини ўзбекка бердим. Барибир Дўсматов жангни юқори даражада якунлай олди. Унинг зарбалари аниқ ва ёрқин чиқди, бу учинчи раунда ютишга ва умумий ҳисобда рақибни мағлуб этишга олиб келди.

Ҳар икки жангчи жаҳонда энг зўр боксчилардан эканини исботлади ва мен Бибоссиновнинг ушбу ажойиб жангда ғалаба қозона олмаганига ачинаман.

Дўсматов мураккаб услублар жангини ўз фойдасига ҳал қила олди ва ҳаваскор боксчилар орасида вазн тоифасидан қатъи назар энг зўри экани яна бир карра исботлади.

Бу қийин дангни бошқарган ҳакамлар меҳнатини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Улар боксчилар бир бирига яқин турган, шиддатли кечган ва зарбалар ҳисобини олиб бориш ўта мураккаб  бўлган жангни тўғри баҳолай олди.

Дастлабки икки раундда Бибоссинов ва Дўсматов мос равишда 3:2 ҳисобида зафар қучди. Бу раундлар катта рақобатда ўтди ва натижа адолатли ҳисоб-китоб қилинди. Учинчи раунднинг ҳисоби ҳам аниқ бўлди ва бу ҳозирги Олимпия ўйинларидаги ҳакамликда учраётган энг адолатли қарорлардан биридир, - деди  Тейлор О’Хиггинс.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек ва қозок бокс мактаблари дунёда энг кучлилар қаторида тилга олинади. Ҳар икки мактаб вакиллари халқаро майдонда, Олимпия ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатлари каби юқори нуфузли мусобақаларда ўзаро рақобатлашиб келади.

51 килограмм вазн тоифасидаги  Сакен Бибоссинов ва Ҳасанбой Дўсматов ўртасидаги ўзаро рақобат 2021 йилдан бери давом этиб келмоқда. Бўй-басти ва қўллари узун бўлган қозоқ боксчиси биринчи жангда тажрибали рақибини мағлуб эта олган.

Ҳасанбой эса, 2022 ва 2023 йилги жангларда рақибини доғда қолдиришни уддалади. Бу галги Олимпия ўйинларида ҳамюртимиз ўзаро ҳисоб-китобни 3:1 кўринишига келтирди. Бибоссинов анчадан бери Дўсматовни енгиш йўлини топа олмаётгани яна бир бор намоён бўлди.

Дўсматовнинг азалий рақиби аламли мағлубиятни қандай қабул қилди? Қозоғистонликлар нима деяпти?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Sherbek1980
03/08/2024 20:33
Тейлор О'Хиггинснинг фикри тугри. Купчилик Козогистонлик мухлислар маглубиятни мардларча тан олса яхши буларди. Хадеб ичи коралик килиб айбни бошкаларга тункамасдан.
Abdug'aniyev Abdulloh
03/08/2024 21:08
Ha , buni xolis odamlar sharxlasa shunday bo'ladi
Omad yurtdoshlarimizga