"Бу ерга келиб фикрим ўзгарди" ёхуд "Андижон"нинг май ойидаги энг яхши футболчиси кимлигини биласизми?

“Андижон” жамоаси бугун куннинг иккинчи ярмида “Янгиер”га қарши ўйин учун ўз манзилига етиб келди. Кечки пайт футболчилар Виктор Кумиков бошчилигида машғулотларни ўтказишди.

Клуб матбуот хизмати ўз анъанасига кўра, ҳар бир ўйиндан кейин энг яхши футболчига овоз бериш жараёнини ўтказиб келмоқда. Май ойида жами 4 та ўйин ташкил этилган бўлиб, мазкур беллашувлардан сўнг мухлислар ўртасида сўровнома давом эттирилди. Одатга кўра, уларнинг умумий йиғиндисини ҳисобладик ва ойнинг энг яхши футболчиси номи маълум бўлди: бу – Шаҳбоз Эркинов!

Гарчи “Зомин”га қарши баҳсда жароҳати сабабли майдонга туша олмаган бўлса-да, бунгача ўтказилган учта ўйиндаёқ ойнинг энг яхши футболчисига айланиш учун етарли овозларни тўплаб қўйган экан. У ҳаммаси бўлиб 1584 та овозга эга бўлди. Бу борада кучли бешталик қуйидаги кўринишда:

1. Шаҳбоз Эркинов - 1584

2. Фарҳод Соҳибжонов - 1166

3. Владимир Бубанья - 994

4. Илдар Маматказин - 793

5. Горан Милойко – 561

ашох3

Бугун “Янгиер”даги майдонда машғулот бошланишидан олдин жамоа бош мураббийи Виктор Кумиков ойнинг энг яхши футболчиси учун тайёрланган махсус статуэткани Эркиновга топширди.   

Шундан сўнг, лауреат соҳиби ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ойнинг энг яхши футболчиси бўлганингиз билан табриклайман. Ўтган ойдаги натижалар борасида нима дея оласиз?

- Энг асосийси, омадли келди. Омадга яраша ўзимиз ҳам ҳаракат қилдик. Қолаверса, Худо ҳам баракасини берди. Мухлисларга алоҳида раҳмат. Ишқибозларимиз – бизнинг ярим кучимиз. Менга овоз берган мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Бу ерда ким энг яхшиси бўлгани эмас, муҳими, жамоанинг ютуғидир. Ютаверсак, босқичма-босқич олдимизга қўйилган вазифага эришамиз. Шахсан менга “Андижон”нинг ғалабаси жуда муҳим. Бу ерга вазифани бажариш учун келганмиз. Бунақанги мухлисларга Суперлигада албатта жамоа бўлиши шарт-да!

шохф

- Май ойида голлар урдингиз ва голли пасларни ҳам амалга оширдингиз. Шулардан келиб чиқиб, энг яхши футболчи бўлишингизни ўйлаганмидингиз?

- Кутмаганман десам ҳам бўлмайди. Менинг ишим шунақа-ку. Ҳужумчининг вазифаси гол уриш, жамоасига фойда келтириш. Биз “Андижон”га ёрдам бериш учун келганмиз. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўляпти. Аммо ҳар доим сиз ўйлаган нарса ўхшайвермайди. Май ойида ўхшади. Худо насиб қилса, йил давомида барча ўйлаганларимиз ўхшасин, дейман.

- Доимий равишда элитада тўп сурган футболчи сифатида илк бор про лигада ўйнаяпсиз ва даража қандай?

- Олдинлари фақат телевизорда кўрардим ва эшитардим. Аммо ўзимда ҳис қилиб кўрмагандим. Тўғриси, про лиганинг савиясини анча паст, деб ўйлардим. Бироқ ўзим бу ерга келиб, ўйнаб кўрганимдан кейин фикрим ўзгарди. Тўғри, Суперлига мавқеида эмас. Бироқ мен ўйлаганчалик паст эмас экан. Ўйинлар жуда қийин ўтяпти. Айниқса, рақобатчилар билан ўйнаганда осон эмас. Максимал даражада икки баробар куч ишлатишга тўғри келди. 4 та ўйинда 10 очко олдик.

ашох2

- Футболчилик фаолиятингиз мобайнида мана шундай шахсий совринларга эга бўлганмисиз ёки бу биринчиси бўлдими?

- Яна қаерда ўтказилади? Бошқа клубларда ойнинг энг яхши футболчиси учун сўровнома ўтказилмаса ҳам керак. Суперлигада ой лауреатлари ўтказилади. “Андижон”да мухлислар ўртасида овоз бериш жараёни йўлга қўйилган. Бошқа жамоаларда кўрмаганман. Илгари Красницкий клубига аъзо бўлганман, 100 та гол уриб. 2016 йили “Насаф”да эдим, ўшанда адашмасам, 100-голимни сафарда “Қўқон-1912”га урганман. Дарвоқе, “Навбаҳор”да ўйнаганимда 2014 ёки 2015 йили мухлислар менга мавсумнинг энг яхши футболчиси, деган алоҳида совға беришганди.

- Энг яхши ўйинчи бўлгач, бундай эътибор сизга қандай масъулият юклайди?

- Бу мени хурсанд қилади. Ҳаракатларимиз зое кетмаётгани, мухлисларнинг эътирофи, буларнинг барчаси бизга куч беради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!